Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари учун даромадларни мажбурий декларация қилишни кўзда тутувчи президент фармони лойиҳасини тайёрлади, дея хабар берди ДСҚ матбуот хизмати.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2021 йил 1 июлдан қуйидаги тартибларни жорий этиш режалаштирилмоқда:

  • давлат солиқ хизмати органларининг юқори лавозимли мансабдор шахсларига тегишли даромадлар ва мол-мулк тўғрисида мажбурий декларация;
  • солиқ резидентлари — жисмоний шахслар ўз мол-мулклари тўғрисида декларацияни ихтиёрий равишда топшириш ҳуқуқига эга.

Бунда, солиқ хизмати ходимлари ва жисмоний шахслардан декларацияда акс эттирилган ва 2020 йил 1 январгача мавжуд бўлган активларнинг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш талаб қилинмайди.

ДСҚ матбуот хизматининг хабар беришича, солиқ хизматининг барча ходимлари 2021 йил 1 сентябргача 2020 йил учун активлари ва даромадлари тўғрисидаги декларацияларини топширишлари керак. Кейинги йилдан бошлаб эса ҳар йили 1 апрелга қадар декларация топширишлари керак бўлади.

Бундан ташқари, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги қонунга солиқ органларининг барча ходимларига декларация топшириш талабини қўйишни ва ушбу талабни бузганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи тегишли тузатишлар ишлаб чиқилади.

Декларацияларни қайта ишлаш йўли билан олинган маълумотлар шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда ochiq.soliq.uz махсус сайтига барча учун очиқ ҳолда жойлаштирилади.

Масалан, кўчмас мулкка нисбатан объектнинг тури, умумий майдони ва жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар мажбурий равишда эълон қилиниши шарт. Автомобиль маълумотлари ишлаб чиқарилган йили, модели ва ишлаб чиқарилган йилини ўз ичига олади.

Давлат хизматчилари даромадларини декларация қилишни 2020 йилдан жорий этиш режалаштирилган эди. Бироқ Меҳнат вазирлигининг бу ҳақдаги ҳужжати лойиҳаси қабул қилинмади.

2021 йил бошида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги барча даражадаги мансабдор шахслар, жумладан президент ва бош вазирнинг ҳар йили даромадлари тўғрисидаги декларацияни тўлдириши лозимлигини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққани маълум бўлган эди.