Сурхондарёда ҳам кучли ёмғирлар сел келишига олиб келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

6 май куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Қумқўрғон туманларида ёққан кучли ёмғир оқибатида ҳосил бўлган сел оқимлари Шеробод туманидаги «Қорабоғ» ҚФЙ ва «Учёғоч», «Гулистон», «Ғўржак-2» МФЙдаги 16 та, Қумқўрғон тумани «Азларсой», «Боғаро» ва «Элобод» МФЙдаги 340 та аҳоли хонадонлари ва томорқасига кирган.

Ҳозирда табиий офат оқибатлари бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 6 май куни Наманган вилоятида ҳам сел келиши натижасида хонадонларга сув киргани ва айрим йўл участкалари зарар кўргани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, 6 май кунидан 7 май кунига ўтар кечаси Андижон вилояти Хонобод шаҳрида кучли сел келиши туфайли 700 га яқин хонадонлар зарарланган ва Қирғиз ариқ каналининг тошиши оқибатида бир оиланинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари селда оқиб кетиб, вафот этган.