Сурхондарё вилоятида Damas русумли автомашина ЙТҲ содир этди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 6 май куни, соат 22:45 ларда, Шеробод туманининг «Каттабоғ» маҳалласи ҳудуди содир бўлган. Шеробод туманининг «Чуйинчи» маҳалласида яшовчи, 31 ёшли фуқаро П.С. бошқарувидаги Damas русумли автомашинасини туманнинг «Каттабоғ-Қуллуқшо» маҳалласи йўналишида бошқариб кетаётган вақтида ўзининг йўналиши бўйлаб, йўлнинг ўнг томон чеккасидан ҳаракатланиб кетаётган пиёдалар, туманнинг «Каттабоғ» маҳалласида яшовчи, С.А., Ю.О. ва Н.А.ларни орқа томонидан автомашинанинг олд ўнг томони билан уриб юборган. Damas автомашинаси ҳайдовчиси пиёдаларга ёрдам кўрсатмасдан қасддан воқеа жойидан яширинган.

Натижада, пиёдалар С.А., Ю.О. ва Н.А.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олишиб, тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган. С.А. ва Ю.О.лар шифохонада вафот этишган.

Ҳолат юзасидан туман бўйича «Тўсиб ушлаш» режаси амалга оширилиб, кўрилган чоралар натижасида, ҳайдовчи П.С. қўлга олинган. Damas ҳайдовчиси П.С. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз, бошқариб воқеа жойидан яширинганлиги аниқланган.

Шеробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ҳайдовчи П.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига) ва 117-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик оқибатида одам ўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.