Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Бу президентнинг 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.

Молия вазирлиги ССВнинг сўровига асосан 2021 йилда жамғармага 50 млрд сўмгача миқдорда маблағ ажратади. 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағлар давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.

Жамғарма маблағлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, шунингдек, мамлакатда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни моддий рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 июлдан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказини қўшиб, қайта ташкил этилади. Қолаверса, палата ССВ тизимига ўтказилди.

Палата Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказининг маблағлари, мулки, шу жумладан, бино ва иншоотлари, автотранспорт воситалари, ускуна, техника ва инвентарлари Палатага ўтказилди.

Палата раҳбарига, зарур ҳолларда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида мутахассислар жалб қилиш ҳуқуқи берилди. Унинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 110 та этиб белгиланди.

Палатага қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш;
  • тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришини таъминлаш;
  • аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш.

Аввалроқ, мазкур фармонга мувофиқ, республика тиббиёт муассасалари раҳбарлари оғир шароитли туманларга бориб ишлаши, 2021 йилда бепул даволаниш ордерлари учун қўшимча 80 млрд сўм ажратилиши, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турига киритилиши, қолаверса, 2021/2022-ўқув йилидан клиник ординатурага қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгилангани ҳақида ёзган эдик.