Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида икки давлат раҳбарлари фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Апрель ойида Тошкент шаҳрида илк бор Россиядан ташқарида кенг миқёсда ташкил этилган Халқаро «Иннопром» кўргазмаси муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Мулоқотда президентлар халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат давомида бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди. Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашни фаол давом эттиришга келишиб олинди, дейилади хабарда.