«Насаф» футбол клуби жаримага тортилди, дея хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида «Насаф» профессионал футбол клубига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди.

«Насаф» ПФК вакили томонидан клуб манфаатини кўзлаб, 2020 йил футбол мавсумида ҳакамларни ўз томонига моддий манфаатдор қилиш эвазига оғдиришга урингани учун ЎФА интизом кодексининг 5.26 бандига мувофиқ (ҳакамлар, инспекторлар, мусобақа иштирокчиларини пора бериб сотиб олишга урингани ёки сотиб олгани, шунингдек учрашув натижасига таъсир кўрсатиш мақсадида уларга тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир ўтказгани учун) футбол клуби 50 млн сўмга жаримага тортилди.

«Мазкур қарор ЎФА томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради», — дейилади хабарда.