7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.

Ушбу қонун лойиҳаси Ҳисоб палатасининг асосий вазифа, функция, ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириш ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Унга кўра, Ҳисоб палатасига мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилиш ваколати берилмоқда.

Лойиҳада шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан текширувлар ўтказиш жараёнида унга керакли ҳужжатлар ва мутахассисларни ажратиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Бунга қадар ўрганишлар вақтида текширилувчи ташкилотлар томонидан ҳужжатларни қисман тақдим этиш ва ходимларни жалб этмаслик ҳолатлари учраб турган.

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, бюджет маблағларидан мақсадли, оқилона ҳамда самарали сарфланишига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг бошқа бандлари депутатлар томонидан қабул қилингач лойиҳа Сенатга юборилади.