Тошкент шаҳрида «Isuzu» русумли автобус ва Matiz русумли автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди (видео). Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 7 май куни соат 11:15 атрофида содир бўлган. 130-сонли автобус йўналишидаги «Isuzu» автобуси Сергели тумани Нилуфар 3-тор кўчаси бўйлаб Нилуфар чорраҳаси томон ҳаракатланиб кетаётганида, чорраҳада Matiz машинаси автобусни чап томонига келиб урилган. Натижада автобус мувозанатни йўқотиб, ағдарилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ЙТҲ Matiz ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида содир бўлган.

ЙТҲ оқибатида автобуснинг тўрт нафар йўловчиси тан жароҳати олган ва улар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига етказилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Хабарда айтилишича, «ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан расмийлаштирилган».