2021/2022-ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга оширилади. Бу президентнинг 5 майдаги соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга оид фармонида келтирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизими жорий этилади:

  • клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

  • ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилади ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;
  • ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилади:

  • махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган «мобиль тиббиёт» хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;
  • нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат «тиббий пункт"ларини ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ССВ билан биргаликда ушбу чора-тадбирларни амалиётга тўлиқ жорий этиш мақсадида нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун зарур шароитлар яратиб беради.