Хорижда яшаб келаётган 484 нафар муваффақиятли ватандошлар «Олтин дафтар»га киритилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Брифингда Консуллик-ҳуқуқий йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди. Жумладан:

  • 6 673 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилди;
  • хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 1 934 нафар Ўзбекистон фуқароларига кўмак, хусусан консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди;
  • хориждаги 884 нафар фуқаро молиявий ёрдам олди.

Шунингдек, «хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ўрнатиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган муҳим социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун уларнинг имкониятларини жалб қилиш» мақсадида Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш имкониятига эга 484 нафар ватандошларни ўз ичига олган «Олтин дафтар» шакллантирилди.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида 15 747 нафар Ўзбекистон фуқаролари хорижий мамлакатларда ишга жойлаштирилган.