5 май куни Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи Тошкент вилоятидаги 22-сонли жазони жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрди.

Гуруҳ аъзоларидан бири Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook`даги саҳифасида қамоқхонада икки собиқ бош прокурор ҳамда МХХ собиқ ходимларини учратгани ҳақида ёзди.

«Миллий превентив механизм ислоҳоти доирасидаги ўрганишларимиз бу сафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари жазо муддатини ўташи учун махсуслаштирилган колонияда кечди. 1200 нафар маҳкумни сақлашга мўлжалланган мазкур колонияда ҳозирги кунда 273 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда», — деди у.

Жамоат вакилининг айтишича, колониянинг бошқа турдошларидан шароит нуқтаи назаридан деярли фарқи йўқ. Қамоқхоналарга белгиланган стандартлар асосида тиббиёт, ўқув, овқатланиш ва ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил қилинган. Спорт машғулотлари учун алоҳида шароитлар мавжуд.

«Хуллас, қамоқхона шароити, умумий аҳвол, маҳкумларга муносабат масаласида муаммолар кўпам кўзга ташланмайди. Ҳар ҳолда „честь мундира“, „қарға қарғанинг кўзини чўқимас“ сингари беўхшов маталларга эргашилса, бу ерда муаммоларнинг камлигини тушуниш мумкин бўлади», — деди Абдураҳмон Ташанов.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати.

Мазкур жазони ўташ муассасасида муддатини ўтаётган юқори даражадаги мулозимлар, жумладан, собиқ бош прокурорлар Рашитжон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев, бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Хуррамовлар бор.

«Аввал мамлакатимизга уч муддат бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам — яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. „Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши“», — дея Қодировнинг сўзларини келтирмоқда «Эзгулик» жамияти раиси.

Унинг таъкидлашича, «собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради».

У ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевни чинни цехида ишлаётганини гувоҳига айланганини айтди.

«Генерал Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратдим. Унгача муассасанинг тиббий бўлимига кириб, у кишининг тиббий картаси билан танишгандим. Ҳужжатга кўра, Абдуллаев ЖКнинг 242- ва 301-моддалари билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унга нисбатан яқин орада икки марта ўтказилган COVID-19 тести манфий чиққан. Бўйин умуртқа поғона қисмидаги оғриқдан шикоят қилган», — дейди Абдураҳмон Ташанов.

Жамоат вакилининг қайд этишича, «кўзининг кўриш даражаси биринчи кўзда +1 ва иккинчи соҳада +2,58. Тиббиёт қисми оккулистининг айтишича, Абдуллаев 2017 йилда Германияда кўз гавҳарларини алмаштириш билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказган. Яъни, кўз хасталиги тергов ёки зонада орттирилмаган».

Фото: Омбудсман матбуот хизмати.

«Эзгулик» жамияти раиси Ихтиёр Абдуллаевга унинг отаси ва ўғли бир қанча ОАВ орқали президентга мурожаат қилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва ҳозирда уни яқинлари билан кўриштиришмаётгани, изоляцияда сақланаётгани ҳақида баёнотлар беришаётганини айтган.

ДХХ собиқ раиси эса «ҳаммаси яхши бўлади, бу гаплар президентимизга етиб борса, адолат қиладилар»дан нарига ўтмаган.

Таъкидланишича, икки собиқ бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлган. «Тўғрироғи, комиссияларнинг нималиги, қаергача бора олишини ўтмишдаги фаолияти орқали яхши биладиган бу мулозимлар вазиятни мураккаблаштириб ўтиришмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди», — дейди Ташанов.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати.

У шунингдек, цехлардан чиқишда собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев билан кўришганини, у ҳам ҳеч қандай шикояти йўқлигини айтганини маълум қилди.

Маълумот учун, Жавдат Шарифхўжаев 2016 йил Ўзбекистоннинг Ҳарбий суди томонидан ноқонуний тадбиркорлик, коррупция, таъмагирлик ва катта миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

«Яна бир маълумот. Ижтимоий тармоқларга яхши таниш бўлган МХХ полковниги Нодир Тўрақулов яқин-яқингача шу ерда экан — Жаслиққа (умрбод)га ўтказишибди. Ҳамтовоғи Шуҳрат Ғуломовнинг олдига кетибди», — деди «Эзгулик» жамияти раиси.

Қайд этилишича, қамоқхонада сиёсий аҳамиятга молик бўлгани учун бош прокурорларга алоҳида мулозамат ёки кузатув йўқ. Алоҳида ош-овқат ҳам ажратилмаган, кўпчиликда нима бўлса, шу. Колониянинг каттагина қисми таъмирланаётгани, ошхонадаги овқатлар ҳам ёмон эмаслиги, кутубхона, спорт заллари ва зерикиб қолмаслик ва пул топиш учун ташкил қилинган цехлар мавжудлиги айтилмоқда.

Жамоатчилик вакили сўзининг якунида: «ғалатироқ таассуротлар билан қайтдим. Бир пайтлар у билан суҳбатлашиш, сўроққа тутиш тугул олдига бора олмаганимиз бу одамлар бугун маҳзун, аввалги салобатдан асар ҳам йўқ…», — деди.