23−27 май кунлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Бурианнинг Ўзбекистонга ташрифи, май-июнда эса Тошкент ва Брюссель ўртасида бошқа алоқалар ўрнатилиши кутилмоқда, дея чоршанба куни журналистларга маълум қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили ва матбуот котиби Юсуф Қобулжонов.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгашида иштирок этиш учун Брюсселга ташрифи, қолаверса, Европа комиссияси, Европа ташқи алоқалар хизмати ва Бельгия ТИВ раҳбарияти билан учрашувларини ташкиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Томонлар шунингдек, сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё» йиғилишни ўтказиш бўйича музокараларни олиб бормоқда.

ТИВ вакилининг қўшимча қилишича, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш бўйича «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё» биринчи вазирлар учрашувига тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда.

Аввалроқ, Питер Буриан Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан янги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама битимга тайёргарлик ишлари якунланаётганини қайд этганди. Битим 1999 йилдан бери ҳамкорлик ва шериклик борасида амалда бўлган келишув ўрнини эгаллайди.