Туркия ва Германия Ливиядан барча «хорижий ёлланма аскарларнинг» чиқарилишини ёқламоқда

Туркия ва Германия Ливиядаги барча «чет эллик ёлланма аскарлар»нинг ушбу мамлакатни тарк этишини ёқламоқда. Бу ҳақда 6 май куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Берлинда ҳамкасби Хайко Маас билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди. «Биз Ливияда янги тузилган ҳукуматни қўллаб-қувватлашимиз керак. Иккаламиз ҳам мамлакатдаги хорижий ёлланма аскарлар Ливияни тарк этиши керак деган фикрга келдик», — дея таъкидлади у. Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, Туркия қуролли кучларининг Ливияда бўлиши ушбу талабдан мустасно, чунки Туркия Ливия ҳукумати билан ушбу мавзу бўйича келишувга эришган. — ТАСС.


Франция балиқчилари норозилик намойишини ўтказишмоқда

6 майдан бери Франция балиқчилари 50 дан ортиқ кемаларда Aнглия-Норман Жерси ороли яқинида норозилик намойишини ўтказишмоқда. Таъкидланишича, улар Brexit’дан кейин Буюк Британия томонидан уларга қўйилган балиқ овлаш шартларидан рози эмаслар. Орол атрофида кемаларнинг бир қисми ҳаракатланмоқда, яна бир нечтаси Сент-Хелиер шаҳрининг портини тўсиб қўйиб, Commodore Goodwill юк кемасининг денгизга чиқишига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, намойишда иштирок этиш учун яна бир қатор кемалар оролга йўл олгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, намойишчиларнинг аксарияти Нормандия ва Бретандан.

Aввалроқ, Франция денгиз вазири Анник Жирарден агар Буюк Британия ҳукумати француз балиқчиларининг Жерси ороли атрофидаги сувларга киришини чеклашни давом эттирса, Франция санкцияларни қўллашга тайёрлигини маълум қилган эди. Вазир, шунингдек, Франциянинг оролга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиши мумкинлигини таъкидлади. Буюк Британиянинг маъмурияти Жерси сувларида балиқ овлашга Франциянинг 344 балиқ овлаш кемаси ўрнига 41 кемага рухсат берган, бу эса Франциянинг норозилигини келтириб чиқарган. — ТАСС.


Германияда канцлернинг ваколатларини икки муддат билан чеклаш таклиф қилинди

Бавария христиан ижтимоий иттифоқи парламент гуруҳи раҳбари Штефан Мюллер Германия канцлерининг ваколатлари икки қонунчилик муддат билан чекланиши кераклигини таъкидлади. «Улар (чекловлар) партияларни доимо ўзларини янгилаб туришга ва инновацион бўлишга мажбур қилади», — деди Мюллер. Шу билан бирга, у канцлернинг ваколат муддатини тўрт йилдан беш йилгача оширишни таклиф қилди. Бу, унинг фикрига кўра, Федерал ҳукуматига «қатъий чоралар кўриш ва уларни амалга ошириш» учун кўпроқ вақт беради. Бундан ташқари, унингча, ушбу қадам сиёсий фаолиятда барқарорликни таъминлайди.

Ўтган ҳафта канцлер лавозимига номзод сифатида танланган Яшиллар партиясининг ҳамраиси Анналена Бербок ҳам Германия ҳукумати раҳбарининг ваколат муддатини қисқартириш масаласини муҳокама қилишни таклиф қилган эди. Бербокнинг сўзларига кўра, бу мамлакат тараққиётига «янги туртки бериши» мумкин. — Die Welt.

Германияда канцлернинг ваколатлари муддати чекланмаган. Aмалдаги ҳукумат раҳбари Aнгела Меркель 2005 йил ноябридан бери Германия Федерал ҳукуматини бошқариб келмоқда. 2021 йил сентябрь ойида Германияда парламентга сайловлар бўлиб ўтади.


Европа Иттифоқи Исроилни Фаластиндаги қурилишдан воз кечишга чақирмоқда

Европа Иттифоқи Исроил ҳукуматини Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатишга чақирди. Ҳужжат матнида таъкидланишича, Европа Иттифоқи «иккала томон келишиб олганидан ташқари, 1967 йилгача бўлган чегараларда, шу жумладан Қуддусда бўлган ҳар қандай ўзгаришларни тан олмайди». «Исроил ҳукумати ушбу фаолиятни тўхтатиши ва Фаластин жамоаларининг қонуний қурилиши ва ривожланиши учун тегишли рухсатномаларни бериши керак», дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги қурилиш ишлари ўн йил давом этаётган Исроил-Фаластин қарама-қаршилигини ҳал қилишнинг асосий тўсиқларидан биридир. 2016 йил декабрь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ушбу масала бўйича қарор қабул қилиб, Исроилдан Фаластин томонидан босиб олинган ҳудудларда аҳоли пунктларини қуришни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган. Ўшанда Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ушбу талабига риоя қилмаслигини эълон қилган эди. — Европа Иттифоқининг расмий веб-саҳифаси.


Хитой иқтисодий мулоқот доирасидаги Aвстралия билан ҳамкорликни музлатиб қўйди

Хитой тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси 6 май куни Хитой-Aвстралия стратегик иқтисодий мулоқот механизми доирасидаги барча тадбирларни муддати белгиланмаган ҳолда тўхтатишга қарор қабул қилганлигини эълон қилди. Ушбу қарор Aвстралия ҳукуматининг Хитой-Aвстралия ҳамкорлигига ҳозирги ёндашуви муносабати билан қабул қилинди. Сўнгги пайтларда, Aвстралия ҳукуматининг баъзи расмийлари томонидан икки давлат ўртасидаги нормал савдо ва ўзаро алоқаларни бузишга қаратилган ҳаракатлар қилинмоқда, дейилади Давлат қўмитаси баёнотида. Апрель ойида Aвстралия ҳукумати Викториянинг «Бир макон, бир йўл» халқаро савдо ташаббуси доирасида Хитой билан тузган шартномасини бузган эди. — Синьхуа.


Грецияда меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришларга қарши иш ташлашлар бошланди

Грецияда 6 май куни меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга қарши норозилик намойишлари ва иш ташлашлар бўлиб ўтмоқда. Нафақат Aфинада, балки мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам норозилик акциялари режалаштирилган. Бундан ташқари, ишчилар касаба уюшмалари пойтахтдаги жамоат транспортини чеклашга қарор қилишган. Бир қатор рейслар бекор қилинди ёки кейинги кунга қолдирилди. Иш ташлаш паромларнинг ишлашига ҳам таъсир кўрсатди. Таъкидланишича, намойишчилар режалаштирилган меҳнат қонунчилиги ислоҳотидан норози. Ўзгаришлар, хусусан, масофадан туриб ишлаш қоидаларига тегишли. Ишчилар касаба уюшмаларининг фикрига кўра, ислоҳот уларнинг ҳолатини ва меҳнат шароитларини ёмонлаштиради. — Интерфакс.


«Спутник Лайт» вакцинаси Россияда рўйхатдан ўтказилди

Россияда битта компонентли коронавирусга қарши «Спутник Лайт» вакцинаси рўйхатдан ўтказилди. Унинг самарадорлиги 79,4 фоизни ташкил этди. Янги вакцина сақлаш ва логистика учун махсус шароитларни талаб қилмайди (+2;+8 Цельсий бўйича). Шунингдек, унинг нархи 10 доллардан камлиги айтилмоқда. Spot’нинг ёзишича, битта инъекция билан қўллаш схемаси қисқа вақт ичида кўплаб одамларни иммунизация қилиш ва эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга имкон беради. «Спутник Лайт» коронавирус тарқалишининг олдини олишда аҳолининг катта гуруҳларини тезроқ эмлаш, шунингдек коронавирусга чалинган одамларда юқори иммунитетни сақлашга ёрдам беради. — Spot.


Шунингдек:

  • SpaceX бешинчи уринишда, илк бор Starship ракета прототипини муваффақиятли тарзда қўндира олди. Бундан аввал Марс ва Ойга учишга мўлжалланган ушбу турдаги ракета прототипи тўрт маротаба портлаган эди.