YouTube`даги «Планетка» канали ижодкорлари Самарқандга келгач, уларга Aлишер исмли фуқаро ҳамроҳ бўлган (гидлик қилган). Ижодкорлар ва ушбу фуқаронинг иштирокидаги видео YouTube`га жойлангач, Aлишер омманинг эътиборини тортган.

Кейинчалик канал ижодкорлари Алишерга туризм полицияси 15 кунга қамаш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар тарқатди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ўз телеграм-каналида изоҳ берди.

Баёнотга кўра, самарқандлик «Aлишер» исмли гид тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга мос келмайди.

Самарқанд вилояти ИИБ Туризмнинг хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходимлари Aлишер билан суҳбат ўтказиб, унга «расмий лицензия олиб, сўнг туристларга хизмат кўрсатиш» тавсия қилинган.

«Маълумот учун, бутун дунёда туристик полициянинг асосий вазифаларидан бири ноқонуний иш олиб бораётган гидларнинг фаолиятини тартибга солишдан ҳам иборат», — дейилади хабарда.