АҚШдан Қорақалпоғистонга гуманитар ёрдам сифатида 3 млн долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер юборилди. Мазкур гуманитар юк «Project C.U.R.E.» ва «Boeing» билан ҳамкорликда амалга оширилди, дея хабар бермоқда «Дунё».

Вашингтон штатининг Сиэтл шаҳрида гуманитар ёрдамни юбориш маросимида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва «Boeing» компанияси вице-президенти Монта Фрэйзер, «Project C.U.R.E.» нодавлат ташкилоти президенти Дуглас Жексон ҳамда ушбу ННТнинг хорижий ҳукуматлар билан ишлаш бўйича директори Мелиса Эспости иштирок этди.

Гуманитар юк бўйича келишувлар 2019 йилда элчихона раҳбари ва «Project C.U.R.E.» президенти Дуглас Жексон билан ташкилотнинг Вест-Груве (Пенсильвания) ва Хьюстон (Texaс) шаҳарларидаги омборларига ташриф чоғида эришилган.

Хабарга кўра, Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сўровига биноан «Project C.U.R.E.» томонидан Сиэтлда шакллантирилган гуманитар юкнинг биринчи жўнатмаси қарийб 6 тоннага тенг. Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг км) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов амалга оширди.

Шунингдек, АҚШдаги ўзбекистонликлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди.

«Boeing» вице-президенти Монта Фрэйзер ўз сўзида компания раҳбарияти сўнгги 25 йил ичида «Uzbekistan Airways» билан яқин ҳамкорлик ўрнатгани ва Ўзбекистоннинг авиация соҳасини ривожлантиришдаги ютуқларини юқори баҳолашини таъкидлади.

«Биз Қорақалпоғистонга гуманитар юкнинг биринчи партиясини „Dreamliner“ самолётида юбориш тадбирида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бугунги синовли вақтда ушбу хайрия тадбирига улуш қўшаётганимиздан мамнунмиз», — деди Монта Фрэйзер.

Монта Фрэйзер «Boeing»нинг Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликни давом эттириш мақсадида «Project C.U.R.E.» лойиҳасига 100 минг доллар миқдоридаги чек топширди. Ушбу маблағ Оролбўйи аҳолиси учун навбатдаги гуманитар ёрдамни етказишни молиялаштириш учун ишлатилиши қайд этилди.

Гуманитар ёрдам Сиэтлдан Тошкентга «Uzbekistan Airways» АЖ учун «Boeing» заводида ишлаб чиқарилган еттита сўнгги янги «Dreamliner» самолётидан бири орқали етказиб берилади. «5 май куни эса беғараз кўмак Тошкентдан Нукус шаҳрига етказилади. Тиббий жиҳозлар билан таъминланган навбатдаги тўртта контейнердаги инсонпарварлик юки ёз фасли охирига қадар Оролбўйи минтақасига юборилади», — дейилади хабарда.