Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган, пенсиядаги подполковник Рустам Сирожиддоновнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 3 май куни соат 08:00 ларда Жарқўрғон тумани, «Марказий Сурхон» маҳалласида яшаган, Рустам Сирожиддонов яшаш уйи ёнида жойлашган молхонаси шифтига хўжалик арқонидан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш давомида ҳодиса жойидан 1,5 метр узунликдаги арқон холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

«Қумқўрғон туман суд-тиббиёт экспертизаси бўлимининг дастлабки маълумотномасида марҳумнинг ўлимига „юқори нафас йўлларининг сиқилиши, механик асфикция, сиртмоққа осилиш“ каби тан жароҳатлар сабаб бўлганлиги, унинг баданида бошқа тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Рустам Сирожиддонов муқаддам Қумқўрғон туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган, пенсия олиш ҳуқуқини берадиган билдирги асосида 2021 йилнинг январь ойида ички ишлар органларидан бўшатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жарқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.