Жорий йил 1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ва автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома талаб этиш тартиби бекор қилинади. Ҳукуматнинг 4 майдаги қарорида бу ҳақда сўз боради. Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳужжатлар электрон шаклга ўтказилади.

Шунингдек, қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
  • автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.

2022 йил 1 августдан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилади.

2021 йил 1 июлга қадар ДЙҲХХ органларида автоматлаштирилган электрон тизимларнинг ЯИДХПга интеграция қилинган ҳолда тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.