Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган 2025 йилгача ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури имзоланиши муносабати билан билдирилаётган барча хавотирлар «мутлақо асоссиз ва мантиқий асосларга эга эмас», — дея маълум қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги. Дастур Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг 27−28 апрель кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган эди.

«Мудофаа соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йилдаги), Ташқи сиёсат концепцияси (2012 йилдаги), Мудофаа доктринаси (2018 йилдаги) сингари асосий ҳужжатларда мазкур саволларга аниқ ва тиниқ жавоблар мавжуд», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ўзбекистон Мудофаа доктринасининг 10-бандида, жумладан, шундай дейилади: Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги".

«Шу муносабат билан Россия қўшинларининг Ўзбекистонга эҳтимолий киритилиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия ҳарбий можароларига аралашуви тўғрисидаги миш-мишлар асоссиз ҳисобланади», — дея қайд этди Мудофаа вазирлиги.

«Иккинчидан, Ўзбекистон — ўз ички ва ташқи сиёсатини белгилайдиган суверен давлат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддасида: „Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир“, — дейилади. Шунинг учун Ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатига эҳтимолий салбий баҳоларидан қўрқиш, Россиянинг Ўзбекистонга таъсирининг кучайиб бораётганидан норозилик ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги талаблар ҳам асоссиз ҳисобланади», — дея маълум қилди мудофаа маҳкамаси.

Ўзбекистоннинг Россия билан ҳам, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё, АҚШ билан ҳам ҳамкорлиги «ишонч, тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирликлари ўртасида кенгайтирилган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, бу қуролли кучлар фаолиятининг турли йўналишларида ҳамкорликни олиб бориш ва фаоллаштиришга имкон беради. Бундай ҳамкорликнинг асосини, авваламбор, 2004 йил 16 июлдаги мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим ва 2005 йил 14 ноябрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги битим ташкил этади, дея қайд этилди.

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги: «Очиқ ва рўйирост тан олиш керакки, бугунги кунда Россия Ўзбекистон аҳолисининг осийишта ҳаёти, шунингдек минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига қурол ва ҳарбий техника етказиб беришда энг йирик шерик бўлиб қолмоқда», — дея таъкидлади.

«Хулоса: икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида ушбу соҳада яқин ҳамкорлик ўрнатилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир, ушбу ҳамкорликнинг Россия Федерацияси билан Ўзбекистон Республикаси учун турли хил оқибатлари тўғрисидаги ғаразли миш-мишлар асоссиз», дея хулоса қилди Мудофаа вазирлиги.