Андижон вилоятида ўзининг уйида ижарада яшаётган аёлнинг 3 ёшли фарзандини устига қайноқ сув қуйиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган эркак 8 йилга қамалди.

Daryo`нинг ёзишича, ҳодиса 10 январдан 11 январь кунига ўтар кечаси соат 2:00 ларда содир бўлган.

Судланувчи хонадонида яшовчи фуқаро Г. (аёл) билан 2020 йилнинг декабрь ойида танишган ва шундан сўнг телефон орқали гаплашиб юрган. 2021 йил 6 январь куни аёл судланувчига қўнғироқ қилиб, ижарада яшаётган уйидан ҳайдаб юборилганини, борадиган манзили йўқлигини айтиб, ижарага жой сўраган. Таниши унинг илтимосига рози бўлиб, ижарага ойлик тўлов тўламасдан, фақат электр ва табиий газ истеъмоли учун ҳар ойда 300 минг сўмдан бериб туриши лозимлигини билдирган. Шундан сўнг Г. фарзанди билан у ерга келиб, яшай бошлаган.

Судланувчи онасининг соғлиғи ёмонлашгани туфайли даволаниш мақсадида опасиникига кетганидан фойдаланиб, 2021 йил 9 январь куни уйидаги таниш аёлга эр-хотин бўлишни таклиф қилган. Фуқаро Г. унга рад жавобини бериб, касал эканлигини айтиб, ўз хонасига кириб кетган.

Ярим тунда эркак танишига боласи кўп йиғлаб шовқин кўтаргани, аёл ҳам ҳар куни соат 03:00—04:00 ларга қадар телефонида гаплашиб, уйқу бермаётгани учун уйни бўшатиб қўйишини сўраган. Аёл эрталаб уйни бўшатишини маълум қилган.

Судланувчи ўша куни бошқа бир таниши М. ижарага уй сўрагани боис, унга аёл чиқиб кетгунига қадар ўзининг хонасида вақтинча яшаб туришни таклиф қилган.

Воқеа содир бўлган куни судланувчи спиртли ичимлик истеъмол қилган ва шундан сўнг ётиб дам олган. Бироқ, тунги соат 2:00 лар атрофида у чанқаб уйғонади, фуқаро Г. ва унинг қизи ётган хонага киради.

«Эшикдан ярим метрча масофада жойлашган печка олдига келиб, чойнакни олиб чиқиб кетаётганимда пастда турган оташкуракни босиб, ён тарафига йиқилиб тушдим. Г. нинг қорин қисмига тегиб кетди, бола йиғлаб юборди. Г. боласини куйдирганлигимни айтиб бақирди. Тўғриси, ўша пайтда ўзимни йўқотиб қўйдим. М. бақир-чақирни эшитиб, боланинг кийимларини ечишга ёрдамлашди. Тез ёрдам чақирдик. Мен Г. айтгандек, унга жинсий алоқа қилишни таклиф қилмаганман. Болага ҳам атай сув қуйиб юбормаганман», — деган судланувчи.

Қизалоқ шифохонага олиб борилган ва ўша ерда вафот этган. Суд тиббий-экспертизасининг хулосасига кўра, қизалоқ қайноқ сувдан умумий тана юзасининг бўйин, иккала қўли, ёнбош соҳалари куюши, ўткир ҳолда юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигига сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси, 3-қисми «д» бандига (Жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) мувофиқ, айбли деб топилган ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.