Хабарингиз бор, республика бўйлаб электр энергиясининг барча истеъмолчиларига АСКУЭ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. 23 апрель ҳолатига кўра, жами 7 млн 400 мингтадан 6 млн 578 мингдан ортиқ (89%) ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган.

Ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 4 млн 127 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган бўлиб, ҳисоб-китоблар автомат равишда амалга оширилмоқда. Бу Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида (Data center) марказлашган ҳолатда бошқарилади.

Мазкур смарт ҳисоблагичлар ўрнатилиши ортидан аҳоли орасида кўплаб саволлар туғилди. Шунингдек, ҳисоблагич ва шахсий кабинетдаги кўрсаткичларнинг ҳар хиллиги, ўз-ўзидан қарздорликлар ҳосил бўлаётгани, тўлов қилингандан кейин ҳам электр энергияси ёнмаётгани каби эътирозлар билдирилиб келинмоқда.

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори Равшан Мирсалихов билан суҳбатлашди.

Маълумот ўрнида, дастлаб мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд 243,2 млн АҚШ долларига тенг бўлган, кейинчалик 587 млн долларгача тушган. Лойиҳанинг илк босқичи Осиё Таракқиёт банки томонидан молиялаштирилиб, жами 150 млн доллар маблағ ажратилган.

— Нима учун айрим ҳудудларда Хитой ҳисоблагичи бошқа жойларда эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани ўрнатилаяпти?

— Жанубий Кореянинг KT Corporation компанияси субпудратчи сифатида Хитойнинг KAIFA русумли ҳисоблагичларини олиб келди ва 3 та ҳудуд — Самарқанд, Жиззах ва Бухоро вилоятларига 1 млн 400 мингта (донаси 64 доллардан — таҳр.) ўрнатилди. Жами 7 млн 400 мингта ҳисоблагич талаби бўлса, қолган ҳудудларга яна 6 млнта ҳисоблагичлар зарур эди. Бу ҳисоблагичлар давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари билан маҳаллийлаштирилди (донаси 48 доллардан). «Электрон ҳисоблагич» ҚК ва «Тошэлектроаппарат» МЧЖлар томонидан Корея компаниясининг ягона техник талаблари асосида Хитой маҳсулотидан қолишмаган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.

Хитойнинг KAIFA ҳисоблагичлари.

— Хитой ва Ўзбекистон ҳисоблагичининг ўртасида фарқ ўрганилдими?

— Кўриниши ва тузилиши фарқлангани билан ишлаш принципи деярли бир хил. Хитой ва Жанубий Кореянинг ҳисоблагичлари лойиҳа доирасида олиб келинган. Ўзимизни маҳаллий ҳисоблагичларга ҳам айнан шу ҳисоблагичлар, яъни Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси техник талаблари асосида ишлаб чиқилган. Буни фақат ишлаш механизми эмас, хаттоки бунинг устидаги пластиклари ҳам маълум бир талаблар асосида яратилган. Бу ёнмайди, фақат эрийди. Хавфсизлик жиҳатидан шу томонлари ҳам инобатга олинган.

— Уларнинг кўрсаткичларни қабул қилиш ва етказиб беришида аниқлик меъёри қай даражада?

— Барча ҳисоблагичларимизда ҳам аниқлик даражаси бугунги кунги талабларга жавоб беради. Яъни 0,1 фоиз атрофида — бу ҳисоблагичдан ўтаётган электр энергия ҳисобида шунча фарқ бўлиши мумкин дегани. Бу йўқ ҳисоби.

Ўзбекистонда ишлаб чиқалаётган ҳисоблагичлар.

— Янги ҳисоблагичларда кўрсаткичлар нима учун икки хил? Одамларда нимага ҳисоблагичда кўрсаткич бошқача, шахсий кабинетда умуман бошқача деган савол туғилмоқда.

— Биринчидан, ўрнатилган ҳисоблагичларнинг ҳаммаси ҳам 100 фоиз биллинг тизимига улангани йўқ. Яъни барчасидан биз кўрсаткич қабул қилмаяпмиз. Кўрсаткичларни қўлда ёзиб юриш тўхтатилган. Ҳозир тезроқ консентраторларни ўрнатиб, барча истеъмолчиларни биллинг тизимига улаб олиш ҳаракатидамиз.

— Кўрсаткич икки хиллигичи?

— Кўрсаткич икки хиллиги шундан келиб чиқади. Яъни, айтайлик, ҳисоблагич кўрсаткичи 3−4 ой олдин берилган. Ундан кейин сизга ўрта ҳисобда, яъни иккита кўрсаткич ораси олиниб, ҳисоб-китоб қилинаяпти. Мисол учун, бир кунда ўртача 1 кВт сарфласангиз, дастур шу тартибда ҳисоблаб кетаверади. Бу кўрсаткич ёзда олинган, лекин сиз қишда кўпроқ ёқдингиз. Ҳисоблагичингизда бошқа кўрсаткич, шахсий кабинетдан қарасангиз — тизимга ҳали уланмагани учун тафовут келиб чиқиши мумкин.

— Тизимга уланган ҳолатда ҳам нима сабабдан фарқ бўлиши мумкин?

— Тизимга уланган бўлса, фарқ бўлиши мумкин эмас. Кўрсаткич кунда, кун ора келиб тушади. Агар алоқа билан ёки тармоқда бирон бир муаммо кузатилиб, дастур 2−3 кун кўрсаткични ололмаган бўлмаса, лекин тизимга ҳар куни маълумотлар келиб тушади. Сиз бугун кўриб, икки кундан кейин шахсий кабинетда кўрсангиз у ерда ёзилган бўлади, «сизни палон кунги кўрсаткичингизга асосан сизда ҳақдорлик ёки шунча қарздорлик мавжуд» деб. Агар ўрта ҳисобда ҳақдорлик бўлса, дастур унда ўрта ҳисобда деган хабарнома беради.

— Биллингга уланган ҳисоблагичга тўлов қилинган бўлсаю, бироқ дарҳол ёнмаслигига сабаб бўладиган факторлар нималардан иборат?

— Бугунги кунда буни ўзимиз ҳам кузатаяпмиз. Кунига биллинга 25−30 мингдан ортиқ истеъмолчиларни улаб бораяпмиз. Битта ТПга концентраторни ўрнатиб, ундаги истеъмолчиларни биллингга улаган вақтимизда 80−90 фоиз истеъмолчи қарздор бўлиб чиқаяпти. Мисол учун 200 та истеъмолчидан 100−150 таси қарздор эканлиги аниқланаяпти. Биллинг тизимга уланган кретидорларнинг 90 фоизининг ҳисобида пул мавжуд бўлса, уланмаганларда жуда кўп қарздорлик мавжуд. Шу сабабли бир вақтни ўзида уланган вақтда жуда кўп истеъмолчи тармоқдан узилиб қолаяпти.

Битта концентраторнинг ишлаш принципига тўхталадиган бўлсак, у ҳар ярим соатда 300 та истеъмолчи кўрсаткичларини олади. Бундан ташқари, ҳисоблагичдан 100тага яқин маълумот олади, бу тармоқдаги кучланишга ҳам боғлиқ. Биз нормал ҳудуд деймиз — қарздорлик ўртача чиқиб туради, уларни ўчириб, ёқишда муаммо йўқ. Биринчи улаганларда қайта ёқиш билан боғлиқ муаммо — тизим зўриқишидан. Мисол учун, битта концентраторда 100 та истеъмолчидан 5−10 та қарздорни ўчириб ёқиш унга иш эмас.


Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази.

— Нима учун тизимда зўриқиш бўлишининг ҳисоби олдиндан олинмаган?

— Чет эллик ҳамкорларимиз тизимни ишлаб чиққанида бунчалик қарздорлик бўлиши мумкин деб ўйламаган. Уларда барибир тўлов интизоми ривожланганроқ. Қарздорликка ўчириб қўйиш 10−15 фоиз бўлиши мумкин, лекин биздаги каби 70−80−90 қарздорликка мўлжалланмаган деб айтсам нотўғри бўлади-ку, лекин биринчи улаган босқичимизда қийинчиликлар туғилаяпти. Бу ўз изига тушиб олганидан кейин деярли кузатилмаяпти.

Дастурни Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ишлаб чиққан ва улар серверлари билан бирга бизни тармоққа улаб берган. Биз маҳаллий ҳисоблагичларни ишлаб чиқдик ва тизимга мослаштириб, интеграция қилдик.

— Андижоннинг Шаҳриҳон туманида ҳисоблагичлар 85 минг сўм эвазига ўрнатилиб берилаётган экан. Ҳисоблагичлар пулга қўйиладими?

— Ҳисоблагичлар текин, уларни ўрнатиш ҳам «Ҳудудий электр тармоқлари» ҳисобидан амалга оширилаяпти. Яъни, бирон бир хизмат учун пул талаб қилиш фирибгарлик ҳисобланади, фуқароларимиз шуни билиб олишлари керак.

— Илгари тизимдаги коррупциявий ҳолатлар, хизмат учун ҳақ олишлар кўплаб кузатиларди. Ҳозир ҳам шундай ҳолатлар борми?

— Муҳим томони бизда олдин назоратчилар бўлар эди, бугунги кунда МИБдан кейин бирорта назоратчини қайтариб олмаганмиз. Автоматлаштирилган тизим жорий этилиши бизда назоратчиларга эҳтиёж қолдирмади.

Call марказ.

— Жойларда интернет яхши ривожланмаган, зарур инфратузилма ҳали мавжуд эмас, интернетсиз базаларнинг ишлаши ва ёқиш масаласи савол остида қолар экан, АСКУЭ нима учун керак?

— Бизнинг (Ҳудудий электр тармоқлари АЖ) мақсадимиз истеъмолчига электр энергиясини сотиб, фойда қилиш. Бизга истеъмолчи истеъмол қилгани маъқул. Бу тизим истеъмолчини ўчириш учун жорий қилинмаган. Уларни ўз вақтида тўловини амалга ошириш учун албатта ўчириш шарт эмас, балки мақсад ўчиш эҳтимоли борлигини билиб ҳам тўлов интизоми шаклланишига эришишдир. Жорий этилган ҳудудларда шундай ҳам бўлаяпти.

— 48 долларлик ҳисоблагичлар, ОТБдан олинган маблағлар, буни тўлаш масаласи ҳам турибди. Бу электр энергияси нархининг ошишига олиб келмайдими?

— Лойиҳада бу нарса эътиборга олинган. Маблағларни қайтариш асосан ҳисобга олинмасдан йўқолаётган, ўғирланаётган элекр энергияси пулларининг ундирилиши, узоқ йиллардан бери ундириш имконияти бўлмаётган дебитор қарздорликларни ундириш ҳисобидан ёпиб, қоплаб борилади.

Бу тизим орқали фақат ўчириш ва ёқишни эмас, балки бутун вилоят ёки туманга кириб борган электр энергиясини истеъмолчига етказишгача бўлган жараённи назорат қиламиз. Электр энергиясини сочиб юбориш, ноҳақ қарздорлик қилиш ёки бошқаларни қилишнинг имконияти умуман қолмайди. Ҳар бир истеъмолчи кесимида электр энергия миқдори шаклланади.

Бирор ноқонуний ҳаракат қилаётган истеъмолчилар ҳақида ҳисоблагичнинг ўзи сигнал беради. Турли аралашувлар бўйича бизда позициялар бор, масалан, ҳисоблагич қопқоғини очди, магнит майдонини ҳосил қилишга уринди ва ҳ.к.лар. Буни кўриб, биз ўзимизни ходимларимизни юбораяпмиз. Мисол тариқасида, 10 минг сўм қарздорлик учун ўчди дейлик. Айрим истеъмолчилар ноқонуний йўл билан уланиб, фойдаланади. Орадан 3−5 кун вақт ўтгач, ходимимиз бориб қоидабузарлик далолатномасини расмийлаштираяпти. Энди фуқаро 10 минг сўмни тўлашдан қочган эди, бунинг эвазига, масалан, 100 минг сўм тўлашига тўғри келади.


— Кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар ёки ногиронлик нафақасини эвазига кун кечираётган ўз вақтида тўлов қила олмайди. Уларнинг ярим ёки бир йиллик тўпланиб қолган қарздорлиги ҳокимиятлар, ҳомийлар томонидан тўлаб келинган. Дастур қарздорлик учун таъминотдан зудлик билан ўчирса, уларнинг аҳволи қандай кечади?

— Тизим тўлиқ ишга тушганидан сўнг, тарифларга кўра, аҳолининг турли қатламлари таҳлилини аниқлаб, айнан уларни ажратиб бериш имконини яратади. Вақт бўйича тарифларни, мисол учун кечқурун ёки кундузи арзон ва қиммат тарифларни жорий қилишимиз мумкин.

Масалан, 100 кВтгача сарфлайдиганлар учун арзонроқ тариф, 100−200 кВт оралиғида қимматроқ, 300 кВтдан юқориси ўзига тўқ одамларга — 5 талаб совуткич қўйиб фойдаланинг, лекин истеъмолингиз бўлганидан кейин тарифни қимматроқ тўлайсиз деган тамойилларни ҳам жорий этишга имконият пайдо бўлади. Бунинг жорий этилиш ёки этилмаслиги бизни марказимизга боғлиқ эмас. Бироқ шу турли имкониятлар пайдо бўлганидан кейин таҳлилий маълумот — қайси турдаги истеъмолчидан қанча бор, қанча электр энергия сарф қилаяпти, бунинг ҳаммаси кўринади. Уларга агар бирон-бир имтиёз берилса, қолганларга қандай қилиб қўшиб, балансга келтириш мумкин, буни ҳам инобатга олиш зарур.

— Демак, тизим орқали айрим тоифадаги истеъмолчиларга алоҳида таъминот линиясини яратса бўлади, шундайми?

— Тизим ичида шундай имкониятлар борки, биз исталган вақт, истеъмолчилар ҳамда истеъмол ҳажми кесимида ажратиб олсак бўлади. Тарифни ҳам шундан келиб чиқиб қўя оламиз.

Марказдаги серверлар. Дастурий таъминот 8 млн истеъмолчини улашга мўлжалланган, келгусида бу кўрсаткични 20 млнга етказиш имконияти мавжуд.

— Куз-қиш мавсумида электр энергия таъминотида босимнинг пасайиб кетиши ҳам марказга боғлиқми?

— Тизимимиз буни ҳам диагностикасини чиқаришни бошлади. Олдинлари ҳаммада «нимага уни маҳалласидаги трансформатор ёки линия модернизацияга тушди, меники тушмади?» савол пайдо бўлар эди. Ёки бўлмаса турли таниш-билиш йўллари билан қилиб юбориш имкони мавжуд бўлган, очиғи. Бугунги кунда мазкур тизим орқали трансформатор юкламаси ва линиядаги йўқотишлардан келиб чиқиб, биринчи ўринда энг оғриқли нуқталарни модернизация қилаяпмиз.
Дастурдаги маълумотлардан фойдаланиб, бу йилги модернизация қилинадиган трансформатор ва линиялар мавжуд.

— АСКУЭ янги тизим бўлгани билан қон айланадиган, яъни элекр тармоқлари линиялари эски. Бу масала қандай ҳал қилинади?

— Айнан қаердан янгилашни бошлашни, қаерда энг оғир ҳолат борлигини ҳам айнан шу АСКУЭ тизими кўрсатиб беришни бошлади. Мисол учун, мана бу ерда кучланиш, босим бор, бу линияда йўқотишлар кўп, у эскирган, зўриқишлар кузатиляпти. Линия ҳар хил турдаги симлар билан уланган бўлиши мумкин, шу жойларни бизга кўрсатиб беради. Модернизация ва реконструкция ишлари ҳам шунга қараб лойиҳага киритилаяпти.

Маркази директори Равшан Мирсалихов.

— Хитой ва маҳаллий ҳисоблагичларни ўрнатганда эътирозлар бўлганми? Аҳоли кўпроқ қай турдаги ўзининг эътирозларини билдирган?

— Эътирозлар бир хил бўлган.Ҳисоблагичлар ўрнатилганда биринчи «кўп ҳисоблар экан» деган эътирозлар билдирилган. Биллинг тизимига уланиб, автоматик тарзда ўчиш ва ёниш бошлангандан кейин бошқача эътирозлар пайдо бўлган. Мисол учун, «менда бундай қарздорлик йўқ эди» деганлар бўлган. Аслида у 6 ой электр энергияси учун пул тўламаган, уни огоҳлантириб келаяпмиз, лекин биллинг тизимига уланиб, 500 минглаб қарздор бўлгач, бир кунда шунча пулни тўлай олмаяпти. У уч кундан кейин тўловни қилиб, 1 дақиқадан кейин турли ижтимоий тармоқларга ёки бизни қисқа рақамимизга қўнғироқ қилиб, «мени чироғим нега ёнмаяпти?» деб жанжал қиладиганлар ҳам бор. Бироз сабр қилса, 5−10 дақиқа ўтгач ёнади.

Ёнмай қолиб кетган истеъмолчи йўқ. Қарздорлигини тўлай олмасдан қийналаётган истеъмолчилар кўп. Вақтида тўламаган, 6 ой, 1 йиллик йиғилиб қолгач, янги тизим ўчириб қўяяпти. Узр, энди туман ёки вилоят электр таъминотидаги «таниши» ёрдам бера олмайди. Буни биз марказлашган ҳолда назорат қиламиз. Эндиликда тўловсиз битта тугмачани босиб, ёқиб юборишни туман ёки вилоят ЭТК ходимлари қила олмайди.

«Газета.uz» мухбири Абдулло Ёдгоров суҳбатлашди.