3 май куни мамлакат бўйлаб жами 55 795 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Шулардан 47 816 нафари биринчи босқичда, 7979 нафар фуқаро эса иккинчи босқичда эмланди.

1 майдан бошлаб вакцинанинг биринчи босқичини олган фуқароларни унинг иккинчи дозаси билан ҳам эмлаш бошланди. Маълумки, вирусга қарши тўлиқ эмланиш учун инсон вакцина турига қараб, икки ёки уч босқичда эмланиши керак.

Ҳозирги кунгача Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 911 811 нафарга етди. Уларнинг 14 285 нафари иккинчи босқичда эмланганлардир.


3 май кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни:

  • Андижон вилояти (8677 нафар),
  • Самарқанд вилояти (7214 нафар),
  • Наманган вилояти (6207 нафар),
  • Тошкент шаҳри (6168 нафар) банд қилди.

Коронавирусга қарши эмланган жами аҳоли сони:

  • Фарғона вилоятида 126 027 нафар,
  • Андижон вилоятида 99 797 нафар,
  • Наманган вилоятида 98 310 нафар,
  • Самарқанд вилоятида 91 887 нафарни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрель санасидан бошлаб, Ўзбекистон вакцинациянинг илк босқичи — 65 ёшдан катта бўлган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларини эмлаш жараёнлари бошланган эди.