Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Ўзбекистон мактабларидаги муаммолар, хусусан, синфларнинг тўлалиги ва икки сменада дарс олиб борилаётганининг сабабларини санаб ўтди.

Биринчи сабаб — аҳоли сонининг сезиларли даражада ўсиши. 1991 йилдан 2020 йилга қадар Ўзбекистон аҳолиси 16 млн кишига кўпайган, бу кўрсаткич Тожикистонда 4 млн, Озарбайжонда 2,8 млн, Қозоғистонда 2,3 млн, Туркманистонда 2,2 млн, Қирғизистонда 2,1 млн нафарни ташкил этган.

ХТВ раҳбари 2010 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда 9 йиллик таълимга ўтишни иккинчи сабаб деб атади. Шу вақт ичида 1500 га яқин коллеж ва лицейлар қурилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, 11 йиллик таълим қайтгач, 400 га яқин лицей ва коллежлар мактабга айлантирилди. «Ҳаммасининг ҳам айлантирилмаганининг сабаблари бор. Биринчидан, ҳаммаси ҳам мактаб учун қулай жойда жойлашмаган, иккинчидан олий таълимни ҳам ривожлантиришга ҳаракат қилинди. Шунингдек, у ерда касб-ҳунар мактабларини ташкил этиш масаласи ҳам қўйилди», — деди у.

Шерзод Шерматов 10 йил давомида жуда кўп мактабларнинг бинолари қуввати камайгани сабабли бошқа идораларга фойдаланиш учун бериб юборилганини таъкидлади. Бу 9 йиллик мактаб таълимининг жорий этилиши ҳамда лицей ва коллежлар ташкил этилиши даврига тўғри келган.

Вазир келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда ўқувчилар сони (6,24 млн нафар) мактаблар лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ошиб кетган.

«Шунинг ҳисобига ҳам мактабларимизнинг 70 фоиздан ортиғи икки сменада ишлайди. Ҳамма бир сменада бўлсин, деб айтишга ҳаракат қилади. Бу осон эмас, бунга жуда катта ресурс талаб қилинади. Келгуси йилларга прогноз қиладиган бўлсак, ҳозирги шу тенденция бўйича кетса, орадаги бу фарқ катталашиб бораверади ва ўқувчи сони билан ўқувчи ўрни ўртасидаги фарқ ҳозир бир млн бўлса, 2025 йилга келиб 2 млнга чиқиши мумкин. Бу дегани, мактаблар сиғимидаги ҳолат жуда қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин», — деди Шерзод Шерматов.

Вазирнинг таъкидлашича, 2018−2020 йилларда 2615 та мактабни реконструкция қилиш ва қуриш учун 2016 йилга ва ўтган йилларга нисбатан 3−4 баравар кўп маблағ ажратилган. 2021 йилда инвестиция дастури доирасида 689 та мактабни таъмирлаш, 23 тасини қуриш режалаштирилган.

«Шу билан биргаликда, аҳолининг ўсиши ва йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳисобига 3000 дан ортиқ таъмирталаб мактаб бор (135 тасини қуриш, 1177 тасини реконструкция қилиш, 1695 тасини капитал таъмирлаш керак). Уларнинг ёнига спорт зали, ошхонаси, буржуй печкаси, атрофини ўраши каби муаммоларни қўшсак, тахминан 36 трлн сўм (Марказий банкнинг 4 майдаги курси билан 3,5 млрд доллар) маблағ талаб этилади. Лекин бизнинг бир йиллик инвестиция дастуримиз 2 трлн сўм атрофида маблағ бўлади», — деди у.

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, 2018−2020 йилларда Ўзбекистонда 57,7 мингта янги уйлар қурилган бўлса, атиги 56 та янги мактаб бунёд этилган, яна 158 та мактаб қуриш талаб этилади.

ХТВ раҳбари депутатлардан давлат бюджетини тасдиқлашда мактабларни реконструкция қилиш ва қуриш учун ажратиладиган маблағларни, шу жумладан маҳаллий бюджетлар даражасида кўпайтиришни сўради. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вазирлик собиқ мактабларнинг бошқа идоралар томонидан олиб қўйилган биноларини қайтариш бўйича иш олиб бормоқда.

«Лекин ҳаммаси ҳам бўлмаяпти. Тошкентнинг ўзида 16 тасининг рўйхатини қилдик, қайсидир вазирлик-идора тизимига ўтиб кетган, уларни қайтариб олиш осон бўлаётгани йўқ», — деди Шерзод Шерматов.

Вазир президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги қарорида (ПҚ-4884) янги массивларда тижорат лойиҳалари асосида қурилаётган ҳар бир хонадонда 1,5 ўқувчи ўрнига мос мактаб қуриш мажбурияти кўзда тутилганини эслатиб ўтди. Шерзод Шерматов мазкур меъёрни Шаҳарсозлик кодексига киритишни таклиф қилди.

«Масалан, биргина Самарқанднинг Мотруд мавзесини олиб қарайдиган бўлсак, у ерда жуда кўп хонадон қурилди. Лекин у хонадонларга биттагина 1680 талик мактаб қурдик. Ҳозир у ерга яна тўртта қуришимиз керак. Агарда шу тўртта мактабни Самарқандга қурамиз, дейдиган бўлсак, бу йилги бутун «инвестка"миз шунинг ўзига кетиб қолади. Бу Самарқанднинг қолган 1200 та мактабига қўшимча ҳеч қанча маблағ ажратиш имконияти бўлмай қолади, дегани», — дея изоҳ берди у.

ХТВ раҳбари мактабларни қуриш ва таъмирлашга ҳомийлик ёрдамларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.