Тошкент вилоятининг маъмурий маркази — Нурафшонда — Nurafshon business city лойиҳаси амалга оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 28 апрелдаги қарорида акс этган.

Нурафшон шаҳри (собиқ Тўйтепа) 2017 йилда Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланди (бунга қадар ҳудуднинг маъмурий маркази бўлмаган). Бу ерга пойтахтдан Тошкент вилояти ҳокимлиги кўчириб ўтказилди. Шунингдек, Нурафшонни Ўзбекистоннинг биринчи «ақлли» шаҳрига айлантириш режаси ҳақида ҳам маълум қилинган эди.

Ҳукуматнинг 2018 йил 26 мартдаги қарорига (lex.uz ҳавола бўйича 404 хатоликни кўрсатмоқда, Huquqiy axborot каналида эса хабар сақланиб қолган) мувофиқ, Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши учун 246,2 гектар ер участкаси, шу жумладан «Кончи» массиви ҳудудида — 113 гектар ва «Янги турмуш» массиви ҳудудида — 133,2 гектар ер участкаси ажратилган эди.

Марказ ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида Нурафшон шаҳри ҳокимлиги ҳузурида «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» ДУК ташкил этилган эди.

Янги қарор асосида «„Ақлли шаҳар“ концепцияси бўйича Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш» инвестициявий лойиҳаси Nurafshon business city концепциясига ўзгартирилмоқда. Аввалроқ ташкил этилган дирекция «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» ДУК шаклида қайта ташкил этилмоқда.

Ушбу дирекция «Nurafshon business city» ҳамда туман ва шаҳарларда ташкил этиладиган бошқа замонавий ишбилармонлик ва турар-жой марказлари бўйича буюртмачи функцияларини бажаради, уларнинг ҳудудларида объектлар қурилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

Бизнес марказлар ҳудудларида музей, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун «Экспомарказ», театр, кутубхона, ёшлар ижодиёт саройи, спорт-соғломлаштириш объектлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш ишлари — республика бюджети ва Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Бошқа объектларни қуришг ишлари эса — инвесторларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Дирекцияга ва бизнес марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи — инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари ҳамда норезидентларга — президентнинг 2018 йил 2 августдаги (ПҚ-3895) қарорида белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади.

2018 йилнинг ноябрида Spot нашри Сингапурнинг Universal Success Enterprises компанияси 2,5 млрд долларлик инвестицияни кўзда тутувчи Тошкент вилоятининг Нурафшонда замонавий «Ақлли шаҳар»ни барпо этиш лойиҳаси бўйича меморандумни имзолагани ҳақида ёзган эди.

2020 йилнинг октябрида «Газета.uz» Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Сингапурнинг Universal Success Enterprises компанияси «Нурафшон сити»ни қуришга келишиб олишгани ҳақида ёзган эди. Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши кутилмоқда ва инвестициялар ҳажми техник-иқтисодий асослаш натижаларига кўра аниқланади.

2020 йилнинг февралига келиб эса Нурафшонга қадар метро линиясини қуриш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Давлат харидлари ягона портали маълумотларига кўра, «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» фақат иккита йирик шартномани имзолаган. Булар — «Smart City» ҳудудида 9,7 млрд сўмлик Тошкент вилоятининг ИИББ маъмурий биносини қуриш ва Нурафшонда 64 млрд сўмлик маъмурий суд биносини бунёд этишдан иборат.