2 май куни Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Қамаши туманидаги 4-сонли меҳрибонлик уйига кўчирилди, дея хабар берди Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати.

Маълумот учун, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова болалар жуда ёмон шароитда яшаётгани сабабли Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйини тугатиш кераклигини маълум қилган эди. Мазкур муассасада тиббиёт, стоматология, беморларни алоҳидалаш хоналарининг таги бетон қопламали эканлиги, болаларнинг бўш вақтини ўтказиш учун муассасада етарли шароитлар мавжуд эмаслиги ва бошқа камчиликлар қайд этилган.

Шу сабабдан, Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан Меҳрибонлик уйи директори ва омбор мудири вазифасидан озод этилганди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи тавсиясига асосан, 2 май куни Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи 65 нафар тарбияланувчиларининг 10 нафари яқин қариндошлари оиласига, 55 нафари Қамаши туманидаги 4-сонли меҳрибонлик уйига кўчирилди.

Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.