Маданият вазирлиги 1 май куни «Халқлар дўстлиги» санъат саройининг олд томонида «Хор турецкого» ва «Soprano» жамоалари томонидан «Ғалаба қўшиқлари» куйланиб, концерт дастури намойиш этилгани, унда СССР байроғи кўтарилгани юзасидан" муносабат билдирди.

Вазирликнинг хабар беришича, Михаил Турецкий мусиқа холдинги томонидан 2018−2019 йиллар давомида 14та давлатда концерт дастурлари намойиши ўтказилган. 2020 йилда пандемияга қарамай Европанинг 13та давлатида концерт дастурлари ташкил этилган. 2021 йилнинг 30 апрель куни Душанбе ҳамда 2 май куни Бишкек шаҳарларида мусиқий дастурларни тақдим этган.

Маданият вазирлиги ушбу концерт дастурининг Ўзбекистонда ўтказилишида ҳамкор ҳисобланиши, улар фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олганлигини билдирди.

«Яъни иштирокчиларнинг саҳнада ўзини тутиши, миллий урф-одат ва анъаналарга зид бўлмаган мусиқий дастурлар тақдим этилишини назорат қилиб, намойишнинг бадиий савияси етуклигига жавобгар ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, вазирлик мазкур ҳолатни кенг оммага мажбурлаб ёки кескин танқид руҳида эмас, балки намуна кўрсатган ҳолда етказиш лозим деб ҳисоблашини таъкидлади.

«Лекин бугун ҳар биримиз миллийлигимиз, тилимиз, маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримиз тарғиботи йўлида хизмат қилар эканмиз, буни кенг оммага мажбурлаб ёки кескин танқид руҳида эмас, балки ўзимиз намуна кўрсатган ҳолда етказишимиз лозим деб биламиз. Бунга шу юртнинг ҳар бир фарзандини масъул деб ҳисоблаймиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкентдаги «Ғалаба қўшиқлари» деб номланган концертда СССР байроғи кўтарилганини ҳақорат ва провокация деб атаган эди.