Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 4 май куни Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборди.

Қуйи палата депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган:

  • 14, 20, 22, 101 ва 102-моддаларида — юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш;
  • 21-моддада — Ўзбекистон президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 11 — 18 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш;
  • 31-моддадан — сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш;
  • 38-моддада — сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш;
  • 48-моддада — сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича миссиясининг Ўзбекистондаги сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялари бўйича сайлов тўғрисидаги амалдаги қонунчиликнинг таҳлиллари асосида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.

2020 йилнинг 29 декабрида президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати вақтида Ўзбекистон 2021 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловини ўтказиш масаласига тўхталиб ўтганди. «Биз ўтган сайловларда халқаро кузатувчиларнинг тавсияларини миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттирамиз», — дея таъкидлаганди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, президент 8 февраль куни сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва унга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Қонунчилик палатаси томонидан 29 январда қабул қилинган ва Сенат томонидан 5 февралда маъқулланган қонун билан сайловлар октябрь ойига ўтказилганди. Жумладан, бу йилги президент сайловлари 24 октябрь кунига тўғри келмоқда.