30 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Россияга (Қозон шаҳри) Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш учун амалга оширган ташрифи доирасида имзоланди.

Ҳужжат кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон ва ЕИК ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.

Меморандум, шунингдек, божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси, транспорт, энергетика, саноат ва агросаноат мажмуаси, интеллектуал мулк ва бошқа иқтисодиёт тармоқлари каби соҳаларда ахборот алмашинувини ўз ичига олади.

Қайд этилишича, меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон ва ЕИКга молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди.

Меморандумнинг ушбу бандларини самарали амалга ошириш учун томонлар маслаҳатлашувлар ва делегациялар алмашинувини ташкил этишнинг аниқ саналарини ўз ичига олган 2021−2023-йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини қабул қилдилар.