4 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқишди, дея хабар берди Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Янги қонун лойиҳасига кўра реклама бозори иштирокчиларига кенг имкониятлар яратиш борасида муайян муносабатларни тартибга солувчи, чекловчи нормалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан мобил алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши, дори воситасини таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокорнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахс иштирокида реклама қилиш, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари рекламаси таъқиқланмоқда.

Шунингдек, таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилишни ҳам таъқиқлаш кўзда тутиляпти.

Депутатлар томонидан қонунчиликка интернет реклама тушунчасини киритиш, миллий қонунчиликнинг татбиқ этиладиган ҳудудини аниқлаш, Ўзбекистонда интернет рекламани жойлаштиришни тартибга солиш механизмини аниқлаб олиш таклифлари киритилди.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.