28 апрель куни Тошкентда автобус бекат ёнида турган икки пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати.

Ҳодиса соат 13:45 атрофида, 86-сонли йўналишда ҳаракатланувчи ҳайдовчи автобусни бошқариб бораётган вақтда содир бўлган. Автобус ҳайдовчиси олдинда кетаётган транспорт воситаси кескин тўхтаб қолиши натижасида автобусни ўнгга бурган ва бекат ёнида турган 2 пиёдани туртиб юборган.

Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» ходимлари томонидан тезкор суриштирув тадбирлари ўтказилди. Мазкур ҳайдовчининг «12-Автобус саройи» МЧЖ тасарруфидаги, сарой рақами 594 бўлган, 86-сонли йўналишда ҳаракатланувчи Mersedes Benz LF русумли автобус ҳайдовчиси М.А эканлиги аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланувчи пиёдалар Н.Д ва О.Л.га йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида енгил тан жароҳати олган ва 16-шаҳар шифохонасига етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда жабрланувчи пиёдаларнинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан автобус ҳайдовчиси М.Ага нисбатан МЖТКнинг 133-моддаси аломатлари (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши орқали жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки моддий зарар етказилиши) мавжудлигини инобатга олиб, маъмурий иш қўзғатилган ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.