Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади. Ҳафтанинг энг муҳим хабарлари билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

26 апрель куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Volkswagen бренди футбол бўйича Ўзбекистон Про лигаси ҳомийсига айланиши бўйича келишувга эришди. Volkswagen барча трансляциялар, тижорат баннерлари, шунингдек реклама ва медиа-маҳсулотлардан ўрин эгаллайди.

Айнан шу куни Ўзбек боксчи қизлари орасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи Нигина Ўктамовага Nexia-3 автомобили совға қилинди. Аввалроқ, Польшанинг Келсе шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатининг қизлар орасидаги финал жангларида Ўзбекистондан иштирок этган Нигина Ўктамова ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Душанба куни, шунингдек, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида Эрон футбол клуби «Трактор»га қарши тўп сурди. Мазкур баҳсда 0:0 ҳисоби қайд этилди.

27 апрелдан 28 апелга ўтар кечаси АГМК футбол жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 5-тур учрашувини «Ал Ҳилол» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 0:3 ҳисоби қайд этилди ва унда «Ал Ҳилол» ғалабага эришди.

Айни шу тунда Европа Чемпионлар лигаси доирасида ярим финалнинг биринчи ўйини ҳам ўтказилди. Унда «Реал Мадрид» жамоаси «Челси»ни ўз майдонида қабул қилиб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. 11-дақиқада Пулишич ўйинда ҳисобни очиб, «Челси»ни олдинга олиб чиққан бўлса, Карим Бензема 29-дақиқада гол уриб, мувозанатни тиклади.

28 апрель куни Профессионал рингдаги енгилмас боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев навбатдаги жангини қачон ва кимга қарши ўтказиши маълум қилинди. Унга кўра, Бектемир 19 июнь куни америкалик Габриел Росадога қарши рингга кўтарилади. Жанг Техас штатида, Мунгиа — Сулески жанг оқшоми доирасида ташкил этилади.

28 апрелдан 29 апрелга ўтар кечаси ЕЧЛнинг иккинчи ярим финал баҳси ўтказилди. Унда «ПСЖ» жамоаси ўз уйида «Манчестер Сити»ни қабул қилди. 15-дақиқада Маркиньос ҳисобни очиб, парижликларни олдинга олиб чиққан бўлса, 64-дақиқада Кевин де Брюйне, 71-дақиқада Рияд Маҳрезнинг киритган голлари эвазига меҳмонлар ғалабани ўзлари томонга оғдиришди.

29 апрель куни «Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичидаги 6-тур учрашувини «Эйр Форс» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 1:0 ҳисоби қайд этилди ва унда Ўзбекистон жамоасининг қўли баланд келди.

29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси Европа лигаси доирасида ҳам ярим финал учрашувлари ўтказилди. «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Рома»ни 6:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса, «Арсенал» жамоаси «Вильярреал» меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди.

30 апрель куни футбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасининг гуруҳ босқич учрашувлари якунланди. 3-турдан кейинги ҳолат билан танишинг:

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

Гуруҳ ўйинларида ўзини кўрсатган 14 жамоа сафига 1/8 финалда яна иккита жамоа қўшилади: «Пахтакор» ва АГМК. Натижада 16 клуб кейинги босқичда 8та жуфтликка бўлинган ҳолда битта учрашувдан иборат баҳсларда иштирок этади.

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси Олмалиқнинг АГМК жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида «Истиқлол»га қарши тўп сурди. Мазкур баҳсда 1:2 ҳисоби қайд этилди ва унда Ўзбекистон жамоасининг қўли баланд келди.