«Миллий Тикланиш» демократик партияси турли давлатларнинг (Россия, Озарбайжон, Туркия, Франция, Германия, Қатар, Ирландия) давлат тили бўйича тажрибасига бағишланган тақдимот эълон қилди. «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов fact-checking муҳимлигини қайд этган ҳолда, ушбу мамлакатлардаги давлат тили бўйча қонунчилик ва ундаги талабларни таҳлил қилди.

Партиянинг давлат тили мавқеини юксалтириш борасидаги ҳаракатларини эътироф қилган қолда, тақдимотдаги айрим жиҳатларга эътибор қаратмоқчи эдим.

«Иш юритиш тили» ва «мурожаатлар тили» — ҳар хил тушунчалар. Бирон-бир тилнинг иш юритиш тили деб белгиланиши ҳар доим ҳам жисмоний шахслар айнан шу тилда давлат органларига мурожаат қилиши лозимлигини англатмайди. Масалан, олдинги мақоламда ёзганимдек, Россия ёки Озарбайжон қонунчилигида фуқаролар давлат органларига фақат давлат тилида мурожаат қилишлари шартлиги белгиланмаган, Грузияда эса миллий озчиликлар жипс яшайдиган ҳудудларда давлат органларига давлат тилида мурожаат қилинишини таъминлаш учун давлат таржимон билан таъминлаши шартлиги қонунда мустаҳкамланган.

Туркия Конституцияси турк тилини давлат тили сифатида эътироф этади ва ҳатто Туркия фуқароларига турк тилидан бошқа тилларни она тили сифатида ўргатишни таъқиқлайди. Мазкур норма халқаро ташкилотлар томонидан бир қатор халқаро нормаларга, шу жумладан «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»га зидлиги боис танқид қилиб келинади. Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси мазкур конституциявий нормани халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга чақириб келади.

Франциянинг давлат (француз) тили қўлланилиши масалаларини тартибга солувчи «Тубон қонуни» ҳам фуқаролар мурожаатларини тартибга солмайди. Шунингдек, мазкур қонуннинг ўзида қонуннинг қўлланилиши Франциядаги регионал тилларнинг ишлатилишига тўсқинлик қилмаслиги қайд этилган.

Германия Конституциясида немис тилини давлат тили сифатида белгиловчи норма мавжуд эмас. Конституциянинг 3-моддаси тил нуқтаи назаридан дискриминация қилишни таъқиқлайди, бундан ташқари, Германия Европа Кенгашининг «Миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Доиравий Конвенциясиниратификация қилган ва Конвенция нормалари федерал ерлар нормаларидан устунлик қилади. Германиянинг немис тили давлат органларида расмий тил сифатида қўлланилишини ва давлат органларига чет тилида келган ҳужжатларнинг немисча таржимаси талаб қилишини белгиловчи «Маъмурий амалиётлар тўғрисида"ги Қонуни эса давлат органларининг ўзаро муносабатларини тартибга соолади.

Қатарнинг «Араб тилини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни ҳам вазирликлар ва давлат идоралари иш юритишда ҳамда йиғилишларда араб тили ишлатилишини белгилайди, шунингдек, номланиши араб тилида бўлмаган ташкилотлар ва маҳсулотлар номларида хорижий тилдаги номланиши билан бирга араб тилида ҳам такрорланиши лозимлигини белгилайди.

Ирландия Республикасининг «Расмий тиллар тўғрисида"ги Қонунида агар фуқаро давлат органига расмий тиллардан бирида мурожаат қилса, мурожаатга жавоб шу тилда берилиши белгиланган. Шу билан бирга, фуқаро мурожаати айнан расмий тилларда (ирланд ёки инглиз тилида) бўлиши шартлигини белгиловчи норма мавжуд эмас.

Амалдаги «Давлат тили ҳақида"ги Қонунда ҳам расмий иш юритиш тили ва мурожаатлар тилини тартибга солувчи алоҳида моддалар мавжуд. 8 ва 9 моддаларда ҳужжатлар давлат тилида қабул қилиниши ҳамда давлат ва бошқарув органларда иш юритиш давлат тилида олиб борилиши белгиланган. 14-моддада эса шахсларнинг давлат ташкилотларга давлат тилида ёки бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шундай экан, шахсларнинг бошқа тилларда мурожаат қилиши ҳуқуқи таъминланиши иш юритишнинг давлат тилида олиб борилишини истисно қилмайди.

Давлат барча учун мажбурий талаб киритилишидан олдин, шу талабнинг бажарилиши учун шароит яратиши лозим. Барча фуқаролар давлат органларига фақат давлат тилида мурожаат қилишини талаб қилишдан олдин, давлат тилини ўрганиш учун етарли шароит яратиш керак эмасми? Давлат тилини билмайдиган, фуқаро сифатида ўзи тўлаётган солиқлари ҳисобидан давлат органи фаолиятини таъминлаётган фуқаро давлат органи унга хизмат кўрсатиши, яъни ўз вазифасини бажариши учун нега яна ўз ҳисобидан таржимонга харажат қилиши керак? Бунга юристлар нима дейди?

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.