Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 10 гектар ерни ноқонуний равишда сотмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизматихабар бермоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, 19 апрель куни фуқаро С.Х. ва Х.С Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилади. Улар ўз аризасида «Муҳаммаджон» исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган. Фуқароларнинг сўзларига кўра, у Бўстонлиқ тумани «Навобод» маҳалласи ҳудудидаги 10 гектар ер майдонини 1млн 900 минг АҚШ долларига ҳокимлик орқали ҳужжатлаштириб бериш шарти билан сотмоқчи бўлган.

Аниқланишича, мазкур ер «AL-INOBAT» МЧЖга тегишли оромгоҳ ва балиқчилик кўли ташкил қилиш учун — Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2017 йил 25 октябрдаги 620-сон қарори билан инвестиция киритиш шарти билан ажратилган.

23 апрель куни Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан, П.П., Н.М., С.В., Т.А., Ш. К. ҳамда Д.А.лар Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, 4-мавзе 65-уй олдидаги автотураргоҳда назоратдаги ариза муаллифларидан С.Х. ва Х.С.дан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) банди билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.