30 апрель куни Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали мулоқот қилишди.

Cуҳбатда минтақавий ҳамкорлик ва икки томонлама кун тартибидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Президентлар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юзага келган вазиятни ва уни тез фурсатда ҳал қилишни муҳокама қилишди. Қирғизистон ва Тожикистон томонлари вазиятни барқарорлаштириш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймасликка қаратилган келишувларга эришгани мамнуният билан қайд этилди.

Юзага келаётган барча баҳсли масалалар кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик руҳидаги мулоқот асосида ҳал қилиниши зарур экани таъкидланди.

Давлат раҳбарлари март ойида Тошкент шаҳрида ўтган саммит якунида қабул қилинган қўшма қарор ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталишди.

Шунингдек, қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш ва устувор лойиҳаларни илгари суриш мақсадида фаол алмашинувларни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.