Тўлқин Атамуродов Навоий вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тўлқин Атамуродов 2002 йилда Тошкент молия институти, 2005 йилда эса Банк-молия академиясини ҳамда 2015 йилда «Sun Yat-Sen» университетини (Хитой) тамомлаган. Мазкур лавозимга қадар «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Шу билан бирга, Навоий вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари — туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Саъдулла Мирзаев тайинланди.

Саъдулла Мирзаев Банк-молия академиясининг магистри. Иш фаолиятини Нурота туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси сифатида бошлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: иқтисодчи, молиячи. Мазкур тайинловга қадар Навоий вилояти статистика бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.