Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтаяпти, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, сўнгги 3 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошган, лекин, бу ҳали ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаётгани йўқ.

Цементга бўлган эҳтиёж — 86 фоиз, қурилиш ойнаси — 69 фоиз, керамик буюмлар — 40 фоиз, гулқоғоз — 30 фоиз, лак-бўёқ — 65 фоизга таъминланмоқда.

Умуман, ўтган йили қарийб 1 млрд долларлик (метал ва ёғочдан ташқари) қурилиш материаллари импорт қилинган.

«Бугунги кунгача бирорта туман, шаҳар ёки вилоят раҳбари маҳаллий саноат салоҳияти ва ундан фойдаланишни чуқур ва пухта ўйлаб кўргани йўқ. Ҳудудга нима четдан олиб келинаяпти? Нимани ўзида ишлаб чиқариш мумкин? Бунинг учун нима қилиш керак?, деган саволлар ҳокимларни ҳар куни қийнаши керак», — деди президент.

Маҳаллий саноатни ҳақиқатда ривожлантириш учун, ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқаришни камида 3−4 бараварга ошириш зарур. Давлат раҳбари маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича мутлақо янги «вертикал» тизим жорий этилади.

«Бу масалага вилоят ҳокимларининг шахсан ўзи масъул бўлади ва ишларни „ички талабни ўрганиш — импортни таҳлил қилиш — ресурс базасини аниқлаш — янги лойиҳаларни амалга ошириш“ занжири орқали йўлга қўяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Саноатқурилишбанк раиси Аннақличев қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва лойиҳаларни молиялаштириш ишларига масъул ва жавобгар этиб белгиланди.

Жорий йил 1 июлга қадар хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, банкнинг инвестиция компанияси ва барча ф́илиалларида консалтинг марказларини ташкил қилади.

Маҳаллий саноатни ривожлантириш вазифалари Сардор Умурзоқов ва унинг тизимига юклатилди.

Маҳаллийлаштириш бўйича ҳоким ёрдамчилари ҳам ушбу тизим билан бирлаштирилиб, уларнинг вазифалари ва масъулияти қайта кўриб чиқилади.

Сардор Умурзоқов икки ой муддатда маҳаллий саноатнинг ҳар бир йўналиши бўйича туманлар кесимида алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши кераклиги айтилди.

«Ҳар бир вилоят, туман ҳокимининг мавжуд захираларни ишга солиш бўйича аниқ режалари бўлиши керак. Ғозғондаги қурилиш материаллари кластери тажрибаси барча ҳудудда жорий этилса, албатта маҳаллий саноат кескин ривожланади», — деди президент.

Мисол учун, бугунги кунда республикадаги мавжуд пардозбоп тошлар захирасининг 30 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти.

Бу кўрсаткич Бухорода — 11 фоиз, Қашқадарёда — 13 фоиз, Тошкент вилоятида — 15 фоиз.

Жумладан, Бойсун туманида 7 турдаги фойдали қазилмаларни (оҳактош, базальт, доломит, кварц қуми, пардозбоп тошлар) қайта ишлашни йўлга қўйиш мумкин.

Ёки, Пешку туманида 24 млн кубметр табиий қоплама тошлар, 1,3 миллион тонна графит, 450 минг тонна минерал бўёқлар учун хомашё захираларини ишга солиш режалаштирилган.