Франция Фуқаро авиацияси миллий мактаби (ENAC) билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 апрелдаги «Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Мактабда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда дастлаб қўшма таълим дастурлари (double degree) асосида «Ҳаво кемаларининг парвоз эксплуатацияси» бакалавр таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ташкил этилади.

Мактабда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактаби билан келишилган ҳолда Тошкент давлат транспорт университети томонидан белгиланади.

Мактаб битирувчиларига Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактабининг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва у Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.