29 апрель куни Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида «Эйр Форс»га қарши тўп сурди.

Биринчи бўлимда «Пахтакор» тўп назоратини ўзида сақлаган бўлсада, кескин вазиятлар кўп яратилмади. Драган Чераннинг бир вазиятда тепган тўпини рақиб посбони эгаллаб олди. Ироқликлардан асосан Ҳумам Тариқ хавфли ҳолатларни юзага келтирди. Биринчи бўлимда унинг зарбаси ноаниқ кетган бўлса, иккинчи бўлим бошида унинг уринишидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтди.

«Пахтакор»га ғалаба келтирган гол 79-дақиқада киритилди. Жаримадан Холматов тўпни дарвоза яқинига узатди. Темировнинг боши билан берган зарбаси дарвозабонга тегиб қайтгач, захирадан туширилган Пўлатхўжа Холдорхонов тўпни дарвозага жойлаб қўйди. «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси саналган Пўлатхўжа дебют ўйинидаёқ гол уришга эришди. «Эйр Форс»дан 1:0 ҳисобида устун келган «Пахтакор» гуруҳ босқичини ғалаба билан якунлади.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Турнирда охирги ўйинни ўтказдик. Ёш футболчиларга имконият бердик. Улар ўйинга энергия бера олишди деб ўйлайман. Ёшлар ҳар беллашувда барқарор ўйнамаслиги мумкин, лекин ўзларига керакли тажрибани тўплаб боришади. Баъзи учрашувларда кутилган натижага эриша олмадик, бироқ яхши футбол намойиш этишга интилдик. Энди Тошкентга қайтиб, чемпионатнинг навбатдаги баҳсига ҳозирлик кўрамиз», — дейди у.

Шунингдек, ўйиндаги ғалаба голи муаллифи Пўлатхўжа Холдорхонов ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Жамоа билан ғалабадан хурсандмиз. Иккинчи бўлимда ҳужумларни кўпайтирдик ва охири тўп киритишга эришдик. Бунинг учун жамоадошларимга раҳмат айтаман. Майдонга тушаётган пайтим барча мени қўллаб-қувватлади, бундан руҳланиб гол уришни жуда истагандим. Биринчи баҳсдаёқ тўп киритганимдан жудаям ҳаяжонга тушдим. Ўша лаҳзада мени ҳиссиётлар чулғаб олганди», — дейди футболчи.

Маълумот учун, 6-турдан кейин «Пахтакор» жамоаси 7 очко тўплаб 3-ўринни эгаллади. «Шаржа» жамоаси 11 очко билан гуруҳда пешқадам бўлса, «Трактор» 10 очко билан 2-ўринни банд этган.

Эслатиб ўтамиз, бугун Олмалиқнинг АГМК жамоаси ОЧЛдаги 6-тур баҳсини «Истиқлол» клубига қарши ўтказади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.