Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида, Боткен вилоятида 28 апрель кунидан бошланган тўқнашув оқибатида юзага келган отишма бутунлай тўхтатилди, дея хабар бермоқда 24.kg.

29 апрель оқшомида Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги жойлаштирилган жойларига олиб чиқиш тўғрисида келишиб олдилар.

Бундан сўнг, Исфара шаҳрида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Сайимўмин Ятимов ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Омурбек Суваналиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар қўшма баёнот имзоладилар ва можарони тўхтатиш тўғрисида келишиб олдилар.

Ҳозирда Қирғизистоннинг Лайлак туманида отишмалар кузатилаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли 24.kg ахборот агентлигига хабар берди.

«Қишлоқ яқинидаги одамлар тоғларга қайтиб қочмоқдалар. Гранатомёт ёки миномётлардан отилмоқда», — дейди маҳаллий аҳоли.

Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам ўқ отишни қайта бошланганини тасдиқламоқда. Бироқ, гувоҳлар ким ва қаердан отишма юз бераётганини аниқлай олишмади.

Ҳукуматнинг ваколатли вакиллари томонидан мазкур ҳолат ҳозирча изоҳланмади.

Чегарада низоли вазият 28 апрель куни Боткен вилояти, Кўк-Тош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлаш пункти ҳудудида бошланган. Томонлар бир-бирига тош отишни бошлашган, сўнг отишма бошланган.

Қирғизистонда 134 жабрланувчи тиббий ёрдамга мурожаат қилган, 13 киши вафот этди, улар орасида бола ҳам бор.

Тожикистонда 90 киши жабр кўрган, 10 нафар фуқаро вафот этган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга ва вазиятни барқарорлаштириш учун қўшма чоралар кўришга чақирган эди. «Ўзбекистон тез орада келишувга эришиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр», — деб таъкидлаган эди ТИВ.