Чехияда мамлакат президентига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди

29 апрель куни бир неча минг киши Чехия президенти Милош Земанга қарши намойишларда қатнашди. Намойишчилар марказий Вацлав майдонига тўпландилар. AP’нинг таъкидлашича, улар тиббий ниқобларда бўлиб, ижтимоий масофани сақлашган. Митинг қатнашчилари Земанни хиёнатда айблаб, парламентдан президентга тегишли айбловлар қўйилишини талаб қилишган. 25 апрель куни мамлакат президенти 2014 йилда Врбетицадаги ўқ-дорилар омборидаги портлашда «Россия агентлари»нинг иштироки тўғрисида маълумот йўқлигини айтган эди. Бу эса халқ орасида норозиликларни келтириб чиқарди. Таъкидланишича, Чехиянинг бошқа шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтди. — Associated Press.

Ҳозирда тергов Врбетица воқеаси бўйича Милош Земаннинг 2014 йил ноябрь ойида Тожикистонга қилинган ташрифини ўрганмоқда, дея хабар бермоқда ТАСС Чехия ОАВга таяниб. Ўша пайтда делегация аъзоси сифатида Imex компанияси эгаси Пётр Бернатик ҳам боргани терговчиларни қизиқтирган. Imex Врбетицада омборларни ижарага олгани ва у ерда ўқ-дорилар сақлангани айтилмоқда. Тожикистонда Бернатик 2014 йил 23 ва 27 ноябрь кунлари Тожикистон чегара хизмати генерали Ражабали Раҳмонали билан учрашган. Нашрнинг ёзишича, 2014 йил сентябрь ойида Врбетицадаги омборда биринчи портлашдан сал олдин Раҳмонали электрон почта орқали Бернатикдан иккита инспекторни омборга киритишга илтимос қилган. Улар, таъкидланишича, баъзи «Россия махсус хизматларининг агентлари» бўлиши мумкин эди.


Беларусда тўққиз киши давлат тўнтаришини тайёрлашда айбланмоқда

Беларус Давлат хавфсизлик қўмитаси тўққиз кишини давлат ҳокимиятини тортиб олиш учун фитна уюштиришда айбламоқда. Хабарга кўра, 4 киши ДХҚ тергов изоляторида сақланмоқда, қолган 5 нафарига (улар чет элда) Бош прокуратура ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. ДХҚ АҚШ, Литва ва Украинага ушбу масала бўйича сўров юборган ва уларнинг Беларусга экстрадиция қилинишини муҳокама қилмоқда. — БелТА.

17 апрель куни Беларусда ҳарбий қўзғолонни ташкил этишда ҳамда президент Александр Лукашенко ва унинг оиласига суиқасд қилишга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинган фуқаролар ҳибсга олингалиги ҳақида хабар берган эдик.


AҚШнинг Россиядаги элчихонаси ходимлар сонини 75 фоизга қисқартиради

AҚШнинг Россиядаги элчихонаси чет эл фуқароларини ишга олиш тақиқланганлиги сабали консуллик ходимлари сонини 75 фоизга қисқартиради. Ходимлар сони кўрсатилмаган. «Россия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари консуллик ходимлари сонини 75 фоизга қисқартиришга бизни мажбур қилганидан афсусдамиз. Биз AҚШ фуқароларига имкон қадар кўпроқ хизматларни таклиф қилишга ҳаракат қиламиз», дейилади хабарда. Шунингдек, 12 майдан бошлаб AҚШнинг Москвадаги элчихонаси консуллик хизматлари сонини қисқартиради, фақатгина AҚШ фуқаролари учун фавқулодда хизматлар ва жуда чекланган иммиграцион визалар берилади. — АҚШнинг Россиядаги элчихонаси.

15 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден Россия ҳукуматининг «зарарли ташқи фаолияти» туфайли янги санкцияларни жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

16 апрель куни Россия ТИВ жавоб чораларини эълон қилди. Мамлакат 10 нафар америкалик дипломатга Москвадан кетишга таклиф қилган. Шунингдек, Россия ва учинчи давлатларнинг фуқароларини АҚШ дипломатик хизматига ёллаш амалиётини тўхтатишга қаратилган тартиб жорий этилди.


Хитойда ресторанлардаги еб-ичилмаган овқатлар учун жарима солинади

Хитойда озиқ-овқат исрофгарчилигига қарши қонун қабул қилинди, дея хабар бермоқда ТАСС «Синьхуа»га таяниб. Янги қонунга кўра, умумий овқатланиш корхоналари мижозлардан қолдирилган (еб-ичилмаган) озиқ-овқат чиқиндиларини утилизация қилиш учун қўшимча ҳақ олишлари мумкин. Тегишли тўлов миқдори муассаса томонидан аниқ кўрсатилиши ва ташриф буюрувчиларга эълон қилиниши керак бўлади. Ресторанлардан, шунингдек, мижозларга озиқ-овқат хавфсизлиги учун масъулиятини эслатиб туриш талаб қилинади. Қонун қоидаларига мос келмайдиган муассасалар 10 минг юанга (тахминан 1,5 минг доллар) жаримага тортилиши мумкин. Мазкур қонун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, деб таъкидланмоқда. ХХР расмийларининг статистик маълумотларига кўра, Хитойда шаҳар овқатланиш соҳасида ҳар йили 18 млн тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари исроф қилинади. — ТАСС.


Португалияда пиёдалар учун дунёдаги энг узун осма кўприк очилди

Фото: EPA/Vostock-photo

29 апрель куни Португалияда пиёдалар учун дунёдаги энг узун осма кўприк очилди. Кўприк Португалиянинг шимолий қисмидаги Пайва дарёсидан 175 метр баландликда жойлашган. Қурилиш ишлари тахминан икки йил давом этди, иш қиймати 2,3 млн еврога баҳоланмоқда. Кўприкнинг узунлиги 516 метрни ташкил этади. — France24.


AҚШда ментоллик тамаки маҳсулотларига тақиқ қўйилиши мумкин

AҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (FDA) мамлакатда ментоллик сигареталарга тақиқ қўйишга таклиф қилишини эълон қилди. Бу ҳақда Интерфакс CNBC’га таяниб хабар бермоқда. FDA раҳбари Жанет Вудкокнинг сўзларига кўра, ушбу ҳаракатлар орқали «чекишни бошлаётган ёшлар сонини сезиларли даражада камайтириш мумкин», шунингдек чекувчилар учун бу ёмон одатдан воз кечиш имкониятини оширади. Идора маълумотларига кўра, ментоллик сигареталарни ёшлар, «рангли жамоалар» ва даромадлари паст шахслар чекишади. FDA’нинг таъкидлашича, афроамерикаликларнинг аксарияти ментолли сигареталар брендларини афзал кўришади. Мамлакатдаги ўпка саратонининг энг юқори даражаси ҳозирда қора танли эркаклар орасида учрайди, дея қўшимча қилди регулятор. FDA келгуси йил ичида ментолли сигареталарни тақиқловчи стандартларни жорий этишни режалаштирмоқда. Регулятор шунингдек, тамаки маҳсулотлари таркибидаги барча ароматизаторларни тақиқлашни таклиф қилади. — Интерфакс.


Фаластиндаги сайловлар кейинга қолдирилади

Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Aббос Исроил Қуддусда сайловларни ўтказишга рухсат бермагунча уларни ташкил қилмаслигини эълон қилди. «Биз сайловларни кейинга қолдиришга қарор қилдик, чунки Исроил уларни Қуддусда ўтказишга кафолат бермади», — деди Aббос. Исроил Қуддусдаги Фаластин сайловлари тўғрисида қарор қабул қила олмаслиги айтди. Сиёсий инқироз туфайли Исроилнинг ҳозирги ҳукумати фақат долзарб масалалар билан шуғулланади ва стратегик қарорлар қабул қилмайди, дея келтирди Аббос Исроил вакилларининг сўзларини. Фаластин ҳудудларида парламент сайловлари 22 майда, президентлик сайловлари эса 31 июлда ўтказилиши режалаштирилган эди. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • Исроил шимолидаги Мерон тоғи ҳудудида Лаг ба-Омер диний байрам пайтида юз берган тиқилинчда камида 44 киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ киши жароҳат олди.
  • Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги отишма бутунлай тўхтатилди.
  • Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 150 млн 133 мингдан ошди, шулардан ҳозиргача 87,2 млн инсон COVID-19 дан тузалган, вафот этганлар сони эса 3 млн 162 мингдан кўпроқни ташқил қилмоқда.