Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров «Миллий Тикланиш» Демократик Партияси илгари сурган таклиф — давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида, яъни ўзбек тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги норма депутатлар томонидан маъқулланганмаганини маълум қилди. Амалдаги «Давлат тили ҳақида"ги Қонунга кўра, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи шахслар давлат идораларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилишлари мумкин. Айни ҳуқуқ «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунда ҳам акс этган.

«Миллий Тикланиш» Демократик Партияси таклифининг қабул қилинмаганлигига муносабат билдирар экан, Алишер Қодиров «ўзбек тили ожиз» деб ёзди. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов «наҳотки депутатларимиз шунчалик лоқайд, шунчалик дунёқараши тор», дея муносабат билдирди. Тарихчи, депутат Азамат Зиё «агар демократия миллатим, давлатим тилини кесишга, чучук қилишга хизмат қилса, мен ундан юз ўгираман», деб ёзди. ЎзЛиДеП аъзоси, депутат Дониёр Ғаниев фуқароларнинг давлат органлари билан расмий мулоқоти давлат тилида бўлмас экан, давлат тилини тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжи ҳеч қачон яратилмаслигини айтди.

Худди шу партия вакили, депутат Расул Кушербаев эса бу масалага «бир тилни бу мамлакатдаги барча учун мажбурий «халқ тили»га айлантиришдан тийилайлик», дея муносабат билдирган эди. Халқ демократик партияси фракцияси «Миллий тикланиш» партияси таклифига қарши овоз бергани сабабини изоҳлар экан, бу таклифни «амалдаги қонунларга зид», «Миллий тикланиш» партияси раиси эса «одамларнинг нозик ҳиссиётлари ва эътиқодларига тегиш мақсадида» «Давлат тили тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг айнан шу моддасига урғу бераётгандек, дея баҳолади. ХДП вакили Мақсуда Ворисова «Ҳокимнинг қабулига келган қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус қариялар ўзлари билан таржимон олиб келишлари ҳақидаги талаб қайси қонунга ёки инсонийликка тўғри келади? Наҳотки бечора, мискин, ногиронларни сарсон қилиш билан ўзбек тили юксалади?» дея савол билан мурожаат қилди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам мазкур норманинг қабул қилинмаганлиги қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар бу нормани маъқулламаган ва бетараф овоз берган депутатларнинг кимлигини ошкор қилишга чақиришди. Бошқалар эса Россия ва АҚШ тажрибасини эслатиб, бу давлатларда ҳамма давлат органларига давлат тилида (мос равишда рус ёки инглиз тилида) мурожаат қилиши лозимлигини айтишди. Ҳақиқатда ҳам шундайми? «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов ушбу масалани таҳлил қилди.

Халқаро тажриба

АҚШ Конституциясида ҳеч қайси тил давлат тили деб белгиланмаган. Аксар давлат органлари инглиз тилини билмайдиганлар ҳуқуқларини таъминлашга ва бундай шахслар учун таржима хизматларини ташкил этишга мажбур. Кўпчилик штатлар ўз қонунчилигида инглиз тилини расмий тил деб эълон қилишган, шу билан бирга, уларда ҳам расмий тилни билмайдиганлар ҳуқуқлари кафолатланган. Масалан, Калифорния штати қонунларига кўра инглиз тили расмий тил бўлса ҳам, инглиз тилида гаплашмайдиганларга давлат хизматларини рад қилиш дискриминация сифатида баҳоланиши мумкин.

Россия Федерацияси Конституциясининг 68-моддасига кўра, рус тили давлат тили ҳисобланади. Шу билан бирга, Россия таркибидаги республикалар давлат тилини ўзлари белгилаши мумкинлиги қайд этилган. Масалан, Татаристон Конституциясига кўра, рус ва татар тиллари давлат тиллари ҳисобланади. «Россия Федерацияси фуқаролари мурожаатларини кўриб чиқиш тўғрисида"ги Федерал Қонун давлат органларига мурожаатлар қайси тилда бўлиши кераклигини белгиламайди.

Россия парламенти юқори палатаси — Федерация Кенгашининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича йўриқномасида хорижий тиллардаги ёки Россияда истиқомат қилувчи халқлар тилларидаги мурожаатлар рус тилига таржима қилингандан кейин кўриб чиқилиши белгиланган. Йўриқнома матнидан мурожаат таржимага Федерация Кенгаши томонидан юборилишини тушуниш мумкин. Россия таркибидаги Татаристоннинг мурожаатлар тўғрисидаги қонунида фуқароларга Татаристоннинг давлат тилларида, ўз она тилларида ёки Россияда истиқомат қилувчи миллатлар тилларида мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, мурожаатларга жавоблар имкон қадар мурожаат тилида, бунинг имкони бўлмаган ҳолларда эса давлат тилларида берилиши қайд этилган.

Қирғизистонда қирғиз тили давлат тили, рус тили эса расмий тил деб эълон қилинган. «Фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тўғрисида"ги Қонунда фуқаролар давлат органларига давлат тилида, расмий тилда ёки Қирғизистонда яшовчи бошқа миллатлар тилида мурожаат қилиши мумкинлиги, мурожаатга жавоб имкон қадар мурожаат қилинган тилда берилиши қайд этилган.

Тожикистоннинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини тартибга солувчи қонунида мурожаатчига нисбатан турли асосларга кўра, шу жумладан, тил билан боғлиқ дискриминацияга йўл қўйиш мумкин эмаслиги белгиланган. Мазкур қонунга кўра, мурожаатга жавоб давлат тилида (яъни тожик тилида), мурожаатчи талаб қилган ҳолларда эса — мурожаат қилинган тилда берилиши лозим. Шунга ўхшаш, яъни мурожаатларга жавоб давлат тилида ёки мурожаат қилинган тилда берилишини белгиловчи норма Қозоғистон қонунчилигида ҳам белгиланган.

Шу билан бирга, фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатларида давлат тилининг қўлланилиши билан боғлиқ қатъийроқ талаблар қўйилган давлатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Украинанинг «Украин тилининг давлат тили сифатида ишлатилишини таъминлаш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига мурожаатига жавоблар давлат тилида берилади. Озарбайжон қонунчилигида ҳам мурожаатга жавоб давлат тилида баён қилиниши белгиланган, шу билан бирга, тил нуқтаи назаридан мурожаат қилиш ҳуқуқини чеклаш таъқиқланган.

Грузиянинг «Давлат тили тўғрисида"ги Қонунида фуқаролар давлат ва маҳаллий бошқарув органлари билан алоқаларда давлат тилини ишлатиши белгиланган, шу билан бирга, миллий озчиликлар жипс яшайдиган ҳудудларда фуқароларнинг давлат ва маҳаллий бошқарув органлари билан алоқаларида давлат таржимон билан таъминлаши мажбурияти ҳам белгиланган. Латвия қонунчилигида фуқароларнинг давлат органлари билан мулоқотлари давлат (латиш) тилида бўлиши белгиланган.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, халқаро нормаларда, хусусан, БМТнинг «Миллий ёки этник, диний ва лисоний озчиликлар ҳуқуқлари тўғрисида"ги Декларациясида ва Европа Кенгашининг «Миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Доиравий Конвенциясида озчиликлар вакиллари ўз она тилларини «шахсий ҳаётда ва оммавий муносабатларда эркин, дискриминациясиз ишлатиш ҳуқуқига эга эканликлари» белгиланган. Хусусан, Латвиянинг юқорида қайд этилган тил тўғрисидаги қонунини ўрганган халқаро ташкилотлар мазкур қонунда миллий озчиликларнинг давлат идоралари билан мулоқотларида она тилини ишлатишлари масалаларида енгилликлар киритишни тавсия қилишган.

Давлат тилини ўрганиш учун имкониятлар етарлими?

Амалдаги «Давлат тили тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасида фуқароларга давлат тилини ўрганиш учун шарт-шароит яратилиши, давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилиши белгиланган. Бу модда қанчалик ишламоқда, деган савол туғилади.

Таълим ўзбек тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг ўқув режасига 2-синфдан бошлаб ўзбек тили киритилган, яъни мактаб ўқувчиси 10 йил давомида ўзбек тилини ўрганади. Амалдаги ўзбек тили дарсликларини таҳлил қилсак, уларнинг она тили бўлмаган тилларни ўқитишга мўлжалланган коммуникатив тил ўқитиш методикасидан мутлақо йироқ эканлигининг гувоҳи бўламиз.

Коммуникатив тил ўқитиш методикасида ҳар бир дарсда бирон-бир нутқий вазият доирасида ўқувчиларнинг нутқий компетенцияларини (ўқиб тушуниш ва тинглаб тушуниш, оғзаки ва ёзма мулоқотга киришиш) шакллантириш мақсад қилинади ҳамда шу мақсадга мос грамматик ва лексик бирликлар танланади. Бунда имкон қадар аутентик (тилнинг реал ҳаётда ишлатилишини кўрсатадиган) ёки ярим аутентик материаллар танланади: кўчалардаги эълонлар, газета ёки журналлардан олинган мақолалар, телевидение ва радиодан ёзиб олинган материаллар, ҳатто чипталар аутентик материалларга мисол бўла олади.

2-синф дарслигини варақлар эканмиз, дарсликнинг ярми ўзбек тили алифбосининг ҳарфларини ўргатишга бағишланганлигини, бунда дарслар узуқ-юлуқ, ҳеч қандай тилни қўллаш вазиятини акс эттирмайдиган гаплар асосида тузилганлигини кўрамиз. Ҳарфлар «ўргатиб бўлингандан» кейинги дарслар ҳам «матнни ўқинг», «такрорланг», «кўчириб ёзинг», «суҳбатлашинг», «таржима қилинг» сингари мутлақо бир-бирига боғланмаган, ўқувчида тилни қўллай олиш компетенцияларини шакллантиришга хизмат қилмайдиган топшириқлардан иборат. Бунинг устига, дарслик ҳали тилни энди ўрганишни бошлаган ўқувчи тушунмаслиги аниқ бўлган шеърлар ва матнларга «бой». Кейинги синфлар дарсликлари ҳам тил ўрганувчи эҳтиёжларини мутлақо ҳисобга олмаган ҳолда тузилган.

Ушбу дарсликларнинг замонавий тил ўқитиш методикасидан нақадар йироқлигини тушуниш учун коммуникатив методикага асосланган исталган дарслик, масалан, бошланғич мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган «English World» дарслиги билан солиштириб кўриш етарли. Мавзу бошида ўқувчиларга муайян мавзуда мулоқот қилиш учун керакли сўзлар ва грамматик қолиплар берилади, шундан сўнг ушбу сўзлар ва қолиплар иштирокида нутқ кўникмаларини ривожлантирадиган машқлар устида ишланади. Бундай методика ўқувчиларнинг дарсда фаоллигини таъминлайди ва тил кўникмаларининг шаклланишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам аксар ҳолларда, дейлик, тил ўргатувчи курсларга қатнаган ўқувчи тил муҳити бўлмаган инглиз тилини бир йилда эркин мулоқот даражасигача ўзлаштириши мумкин, тил муҳити бўлган ҳолда 10 йил ўқиб ҳам ўзбек тилида мулоқот қила олмайди.

Тўғри, Республика таълим маркази бошқа фанлар қатори ўзбек тили дастури ва дарсликлари ҳам тубдан қайта кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, янги дастур ва дарсликлар асосида ўқишни бошлаган ўқувчилар мактабни битириши учун ҳали камида ўн йил керак бўлади.

Яна бир жиҳат. Инглиз тилида тил ўрганишнинг ҳар бир босқичида ўрганилиши лозим бўлган сўзлар ва грамматик конструкцияларни аниқ белгилаш учун махсус тадқиқотлар ўтказилган. Шунга ўхшаш тил ўрганишнинг даражаларини белгилайдиган тақдиқотлар бошқа тиллар, масалан, рус тили учун ҳам ўтказилган ва ўқув материалларини шакллантиришда бу тадқиқотлар натижаларига суянилади.

Бошқа миллат вакилларига ўзбек тилини ўргатишнинг илмий-методик асослари яратилганми? Ёши катта юртдошларимиз учун, қонунда белгиланганидек, бепул асосда ёки пуллик бўлса ҳам ўзбек тилини мулоқот даражасида ўрганиш учун курслар мавжудми? 1990 йиллар бошида чоп қилинган ва ҳам маънан, ҳам методик жиҳатдан эскирган Киссен ва Раҳматуллаевларнинг, ёки Исматуллаевнинг қўлланмаларидан кейин, ўзбек тилини мустақил ўрганишга мўлжалланган адабиётлар чоп этилдими, агар «ҳа» бўлса, улар эҳтиёжни қоплай оладими? Ўзбек тилини мустақил ўрганиш имконини берадиган, масалан, Британия Кенгаши, Эрон Мероси фонди ёки Пушкин Институтининг платформаларига ўхшаган ресурслар мавжудми?

«Давлат тили тўғрисида"ги Қонуннинг амалдаги таҳрири 1995 йилда қабул қилинган эди ва фуқароларга давлат тилини ўрганиш учун шарт-шароит яратилиши ҳақидаги норма ҳам ўша пайтда белгиланган эди. Шу давр ичида бу норма амалда ишладими, «шарт-шароит яратилдими», энди биз бемалол барча фуқароларнинг давлат органларига мурожаати давлат тилида бўлишини талаб қила оламизми?

Ўзбек тилига сунъий обрў керакми?

Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига киритилиши кутилаётган ўзгаришларга бағишланган мақоламда тилнинг обрўси, мавқеини кўтариш учун бу тилдаги сифатли манбалар кўп бўлиши кераклигини ёзган эдим. Дунёнинг турли бурчакларида олимлар инглиз тилини ўрганишларига сабаб — илм-фан оламидаги янгиликлар биринчи бўлиб шу тилда эълон қилинади. Ўзбек тилда сифатли илмий, илмий-оммабоп, техникавий манбалар, ўқув адабиётлари етарлими?

Ўтган йили баҳолаш назарияси ва педагогик ўлчовларга бағишланган ўзбек тилидаги қўлланмамни нашрга тайёрлаётганимда соҳага оид айрим атамаларни инглиз тилида қолдириб, ўзбек тилида изоҳини беришга мажбур бўлган эдим. Сабаби — бу соҳага оид ўзбекча атамалар муаммоси охиригача ҳал қилинмаган. Ўйлайманки, бундай муаммолар бошқа соҳаларда ҳам мавжуд.

Балки, «sentabr» ёзиш керакми ёки «sentyabr» тўғрими, «sh» ёзиш қулайми ёки «ş» сингари баҳслардан кўра, ўзбек тилининг обрўси ва мавқеини ошириш учун соҳаларга оид атамалар муаммоларини, ўзбек тилидаги манбалар сифати масаласини ҳал қилган фойдалироқдир? Ахир, ўзбек тилида сифатли манбалар қанчалик кўп бўлса, уни ўрганишга табиий эҳтиёж шунчалик юқори бўлади.

Ёки, бутун дунё ёшларининг инглиз, немис, француз, хитой, корейс ёки япон тилларини ўрганишга интилишига сабаблардан бири — бу тилларда сифатли таълим имконияти. Етакчи университетлар рейтингларини таҳлил қилсак, энг юқори ўринларни эгаллаган олий таълим муассасалари рўйхатида инглиззабон мамлакатлар олийгоҳлари кўплигини кўрамиз.

Яқинда эълон қилинган хабарларга қарамасдан, Ўзбекистондаги биронта олий таълим муассасаси таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини белгиловчи халқаро рейтинглардан ўрин олган эмас. Агар олий таълимимиз сифати ҳеч бўлмаганда минтақада рақобатбардош бўлганида, бу ҳам ўзбек тилини билишга эҳтиёж яратган бўларди. Шунда ўзбек миллатига мансуб оилаларнинг фарзандларини таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларга беришларини чеклаш сингари ташаббусларга ҳам эҳтиёж қолмасмиди…

Назаримда, давлат тили мавқеини ошириш баҳонасида бошқа тилларнинг қўлланилишини чеклаш ўзбек тилига обрў ҳам олиб келмайди, тилни ўрганишга эҳтиёж ҳам яратмайди. Эҳтиёж табиий равишда пайдо бўлиши, шу билан бирга, эҳтиёжни қондириш учун етарлича шароит ҳам таклиф қилиниши лозим. Давлатнинг давлат тили мавқеини оширишдаги роли эса унинг ривожланиши, ўз давлати ҳудудида ва ундан ташқарида турли миллатлар вакиллари томонидан завқ билан ўрганилиши учун етарли шароит яратиб беришида кўринади.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.