Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ўзбекистонда китоб савдоси корхоналарига қўшилган қиймат солиғи бўйича табақалаштирилган ставкаларни қўллаш, қолаверса, соҳани манзилли субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш таклифи билан чиқмоқда.

Сенат қўмитаси раиси Одилжон Иминовнинг таъкидлашича, тегишли сўров Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасига юборилган.

Қўмита президент томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси — китобхонликни кенг тарғиб қилиш эканлигини эслатиб ўтди.

«Бироқ китоб ишлаб чиқариш соҳасининг, яъни ноширлар ва босмахоналар учун солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши, уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғининг қўлланиши аксарият ишлаб чиқарувчиларни расмий фаолият юритишдан четлашиб, ўғринча (контрафакт) маҳсулотлар ишлаб чиқаришга „ундамоқда“. Натижада „яширин иқтисодиёт“ ривожланиб, қонуний фаолият юритаётганларнинг салмоғи камайиб бормоқда, яъни соҳада иқтисодий носоғлом муҳит таркиб топмоқда», — дейилади хабарда.

Шундан келиб чиқиб, соҳа вакилларидан келган мурожаатларда китоб ишлаб чиқаришга нисбатан табақалаштирилган ҚҚС ставкасини қўллаш таклиф этилмоқда. Мисол учун, китоб ишлаб чиқариш саноатига умумийга нисбатан Россия Федерациясида — 50 фоиз, Германияда — 36 фоиз, Францияда — 28 фоиз, Буюк Британияда эса «ноль» фоиз ҚҚС ставкаси қўлланилиши таъкидланган. Яъни, мазкур давлатларда китоб ишлаб чиқариш соҳаси учун ҚҚС ставкаси камида икки баробарга пасайтирилган.

Апрель ойи бошида молия вазири ўринбосари Дилшод Султанов истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш учун табақалаштирилган ҚҚС ставкасидан фойдаланиш самарасиз эканлигини қайд этган эди.

Савдо-саноат палатаси раиси Aдхам Икромовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон тоифалар ва тармоқлар бўйича табақалаштирилган ҚҚСга ўтади. Унинг гапларига кўра, имтиёзлар ва преференцияларга эга бўлган кучли ўрта бизнессиз мамлакат «ҳеч қачон бошқа давлатлар билан етарлича рақобатлаша олмайди».

Эслатиб ўтамиз, ҚҚС бўйича табақалаштирилган ставкалар илгари Ўзбекистонда амал қилган, 2018 йилда қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинган эди.