Гулистонда ҳоким ўринбосари 400 доллар пора олаётган пайтида қўлга тушди. Бу ҳақда «Газета.uz» га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

27 апрел куни Фуқаро М.К. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилган.

Унга кўра, вилоят ҳудудий «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси М.Х. унга тумандаги «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйишини айтиб, эвазига 400 АҚШ доллари сўраган. М.Х. бу ишни туман ҳокимининг ўринбосари Б.С. орқали қилишини айтган. М.Х. сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг, М.Х.нинг аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Гулистон тумани ҳокимининг ўринбосари Б.С. М.К. ни арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйиб, ёрдам бериши эвазига $400 ни М.Х. дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тергов департаментининг туман бўлими томонидан М.Х. га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан ҳамда Б.С. га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.С.га «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.