Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида UzAuto Motors ва компанияга икки марта ютқазган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги қарама-қаршилик натижалари тўғрисида фикр билдирди.

«Истеъмолчилар нуқтаи назаридан қаралса, у [кураш] давом этади. Агар умумий маънода олиб қарасак, Антимонополия қўмитаси эмас, балки UzAuto Motors ютқазган. Бу (UzAuto Motors ғалабаси — таҳр.) қоғозда шундай. Аммо UzAuto Motors`нинг ўзи жуда кўп нарсаларни йўқотди. Одамларнинг ишончини йўқотди. Имижини йўқотди. Ва мен ўйлайманки, бу масалада — ишонч ниҳоятда муҳим», — деди у.

Депутатнинг фикрича, келажакда маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш масаласида одамларнинг мустақил фикри ўрганилса, юқори эҳтимол билан истеъмолчилар салбий муносабат билдиради.

Парламент аъзоси, шунингдек, мазкур суд жараёни «кўпларнинг самимий юзини кўришга» имкон берганлигини таъкидлади.

«Бу ҳам маълум даражада натижа. Мисол учун мен судларимиз қандай ишлашига яна бир бор амин бўлдим. Монополияларга қарши курашиш бўйича тизимимиз қандай ишлашини, алоҳида гуруҳларни қўллаб-қувватлаш қандай амалга оширилаётганини кўришга муваффақ бўлдим», — деди у.

Парламент ваколат ва таъсир кучига эга бўла туриб, нима учун UzAuto Motors монополиясини тугата олмаслиги борасидаги саволга Расул Кушербаев қуйидагича жавоб берди:

«Имтиёзлар билан боғлиқ ҳамма нарса қонунлар асосида эмас, балки Ҳукумат қарорлари асосида берилади. Бу энди Ҳукумат ва бошқа органларнинг ваколати доирасида. Парламентнинг ўзи ҳеч қачон UzAuto Motors ва бошқаларга алоҳида имтиёзлар бермаган. Лекин, парламент Ҳукуматнинг қарорларини рад этиш тўғрисидаги ёки уларнинг бундай қарорларни қабул қилишига оид ваколатларини олиб қўйишни назарда тутувчи қонунни қабул қилиши мумкин», — дея таъкидлади у.

Депутатнинг таъкидлашича, у мазкур муаммони ҳал қилишни истаган бўлар эди. Лекин бунинг учун унга спикер ваколати зарур. Биргина депутатдан «ҳеч қандай фойда йўқ». Ва бунинг ортидан у «янги муаммоларни орттириб олиши мумкин, холос». Нурдинжон Исмаилов 2015 йилдан бери Қонунчилик палатасининг спикери ҳисобланади.

Расул Кушербаев бир қанча депутатлар билан бирга UzAuto Motors ва Жиззах автомобиль заводи автомобилларнинг импорти ҳамда утилизация йиғимларидан озод қилинганига оид имтиёзлар бор ёки йўқлиги борасида Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигига сўров юборганини ёдга олди. ДБҚ томонидан тақдим этилган маълумотлар махфий, яъни оммага ошкор қилмаслик шарти билан фақат танишиш учун берилган бўлиб чиқди.

«Охир-оқибат биз жавоб олдик, лекин махфий маълумот бўлгани учун биз ўқишдан воз кечдик. Биз давлат божлари билан боғлиқ маълумотлар махфий бўлиши мумкинлигига ҳайрон бўлдик. Бу биз учун янгилик ва янги билим бўлди», — деди депутат.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси UzAuto Motors фойдасига ҳал бўлган сўнгги суд мажлиси мисолида Ўзбекистон судлари «мустақил эмас"лигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, суд Антимонополия қўмитаси тақдим этган «рад этиб бўлмас далилларга кўз юмган».

«Мен буни қабул қила олмаяпман. Қандай қилиб бунга, шунчаки қарамаслик мумкин? Жуда кўп нарсалар бор эди ва улар (Антимонополия қўмитаси — таҳр.) кўп далилларни аниқлашган эди. Биз барчасини эълон қилмоқчи бўлдик, лекин суд буни ҳаммасини инобатга олса керак деб ўйлагандик. Улар бунга шунчаки кўзини юмишди. Табиийки, бунинг натижасида менда шундай хулоса пайдо бўлди. Улар бу ерда ўз иродаси, мустақиллигини кўрсатиши мумкин эди, бироқ буни қила олишмади», — деди депутат.

Эслатиб ўтамиз, суд 30 октябрь куни UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини қаноатлантирган эди. Суднинг айрим мажлислари ёпиқ тарзда бўлиб ўтган эди.

Антимонополия қўмитаси махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, UzAuto Motors`га нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиш ва автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берилганди. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Суд UzAuto Motors иши бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг апелляция шикоятини қаноатлантирмади. Шунга кўра, биринчи инстанция судининг 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз қолдирилди.

Видео