Ўзбекистон қирғиз-тожик чегарасида вазиятнинг кескинлашиши ва иккала томонда ҳам қурбонлар бўлишига олиб келган вазият ҳақидаги маълумотни чуқур хавотир билан қабул қилди, деб хабар берди ТИВ.

«Биз томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатишга, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўришга ва зиддиятнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан воз кечишга чақирамиз», дейилади ТИВ баёнотида.

«Бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар Марказий Осиёдаги қардош халқларга хос бўлган кўп асрлик дўстлик, қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши керак», — дейилади баёнотда.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон «юзага келган вазиятни тезроқ тартибга солиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга» тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашув содир бўлди. Натижада 11 киши жароҳатланган эди. Бу Тожикистон томони «Головной» сув тақсимлаш пункти ёнида кузатув камераларини ўрнатгандан сўнг бошланган. Қирғизистон томони ускунани олиб қўйишни талаб қилган. Оғзаки тўқнашувдан сўнг, ҳар икки томондан маҳаллий аҳоли бир-бирига тош отишни бошлади. РИА Новости хабарига кўра, ҳозирда чегарада отишма содир бўлмоқда.

Айни дамда, отишма оқибатида Тожикистоннинг яна 5 нафар, Қирғизистоннинг ҳам 5 фуқароси жароҳатланган, бир нафари вафот этди.

Қирғизистоннинг Кўк Тош қишлоғида бир нечта уй ёнмоқда. Хабарга кўра, зарар кўрган уйлар сони ҳали аниқ эмас.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига асосан, қирғизларнинг уйлари тожик қишлоқлари аҳолиси томонидан ёқиб юборилган.

Ҳозирда Кўк Тош ва Оқ Сой қишлоқларининг 400 нафар аҳолиси эвакуация қилинган. Хабарга кўра, улар тўртта мактабда жойлашган.

Маълум қилинишича, Кўк Терак қишлоғидаги уйлар ҳам ёнмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Қирғизистоннинг барча аҳолисини, тинчлик сақлашга, сиёсий кучлар ва оммавий ахборот воситаларини провокацияларга берилмасликка» чақирди.

«Биз тожик биродарларимиз билан доимо тил топишамиз ва қадимий заминимиздаги яхши қўшничилик манфаатлари ва тотувликни ҳурмат қилган ҳолдагина масалаларни ҳал қиламиз», — дея қўшимча қилди Қирғизистон давлат раҳбари.