Шаръий хотинини мунтазам равишда қийнаб, уни уриб келган фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Наманган вилояти прокуратураси хабар берди.

Маълумотга кўра, фуқаро М.Қирғизбоева 14-апрель куни Тўрақўрғон туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, 12 апрель куни куёви А.Худайбердиев рашк сабабли қизи У.Холбоевани уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилади ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланиб, фуқаро У.Холбоевани тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланади.

РСТЭИАМ Тўрақўрғон туманлараро бўлинмасининг 23 апрелдаги хулосасида фуқаро У.Холбоева баданидаги тан жароҳатларининг айримлари 10−15 сутка аввал, айримлари 2−3 сутка олдин қаттиқ ўтмас буюм таъсиридан, шунингдек арқон таъсиридан ҳам келиб чиққанлиги инкор этилмаслиги, ушбу жароҳатлар оғирлик даражаси бўйича соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳатлари туркумига кириши кўрсатилган.

Терговга қадар текширув давомида, А.Худайбердиев шаърий турмуш ўртоғи У.Холбоевани рашқ қилиши, унга ишонмаслиги, муттасил уни қийнаб, ўзининг яшаш хонадонида уриб-дўппослаб келиши аниқланган.

24 апрель куни ҳолат бўйича Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро А.Худайбердиевга нисбатан ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

27 апрель куни фуқаро А.Худойбердиевга нисбатан ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми ва 110-моддаси 1-қисми билан ҳимоя ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган ҳолда гумон эълон қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

Олдинроқ «Сукут сақлама» лойиҳаси ушбу воқеа ҳақида маълумот бериб, ҳозирда У.Холбоева шифохонада даволанаётганлиги ҳақида хабар берган эди.

Хабарда айтилишича, А.Худайбердиев У.Холбоевани арқонда боғлаб кетмон дастаси сингунча калтаклаган.