Монополияга қарши курашиш қўмитаси пахта ёғи ва чигит нархини шаклланиши устидан назоратни кучайтираяпти, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қўмита маълумотларига кўра, пахта ёғи нархининг ошишига асосий сабаб — бу ёғ ишлаб чиқарувчи давлатлардаги кунгабоқар ёғи нархининг кўтарилишидир.

Бироқ, МҚКҚ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчилар томонидан «Рақобат тўғрисида"ги қонун бузилиш аломатлари борлиги аниқланди. Қўмита улар мавжуд вазиятдан фойдаланиб, уруғлар нархини асоссиз ошириб юбориши ёки бозорда унинг таъминотини сунъий равишда жиловлаши мумкин деб ҳисоблайди.

«Хусусан, қўмитада ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан товар бозорида ўзаро рақобатчи бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ўртасида келишиб олинган ҳаракатлар ва келишувлар бор ёки йўқлиги аниқлаштирилмоқда. Келишувлар аниқланган ҳолда уни орқасидан сунъий равишда нархларни белгилашга ёки сақлаб туришга, ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш бозорлари устидан назорат ўрнатишга, таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишиб олишга қаратилган ҳаракатлар мавжудлигини аниқлаш юзасидан чуқур таҳлил ўтказиляпти», — дейилади хабарда.

МҚКҚ пахта ёғи нархларининг ўсишини олдини олиш учун битта харидор томонидан пахта ёғини 3 тоннадан кўп бўлмаган миқдорда товар ва хом ашё биржасида сотиб олиш ҳажмини чеклади.

Қўмитанинг огоҳлантиришича, рақобатга зид бўлган ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси компания ва шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳамма зарур чораларни кўради.

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Калоновнинг «Газета.uz»га берган интервьюсида (суҳбат 5 апрелда бўлиб ўтган) у асосан кунгабоқар ёғининг нархи ўсиб бораётгани, пахта ёғининг катта қисми эса фонд биржасида сотилмай қолаётганини таъкидлаган эди.

Унинг сўзларига кўра, март ойида 17379 тонна пахта ёғи фонд биржаси савдоларига қўйилган, бироқ шундан 5197 тоннаси (30 фоиз атрофида) харид қилинган холос. Ёғни сотиб олган тадбиркорнинг устама нархини ҳисобламаганда, бир литр пахта ёғи 11,5−12,4 минг сўм атрофида бўлган (шунга қарамасдан, 1 апрелдан 14 апрелгача пахта ёғининг нархи бир тонна учун 11,3 млндан 17,3 млн сўмгача кўтарилиб кетган).

24 апрель куни сенаторлар ўсимлик ёғи, кунгабоқар, зиғир ва соя уруғи импортига ҚҚСни бекор қилишни маъқуллади. Бундан ташқари, кунгабоқар ва пахта ёғи ҳамда уларнинг уруғларига экспорт божлари жорий этилади. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов солиқ имтиёзлари сабабли бюджетга 267 млрд сўмлик тушум бўлмаслигини ҳамда йўқотиш ўрни қандай қопланишини маълум қилди.