27 апрель куни UzAuto Motors компанияси Лондон фонд биржасида 300 млн доллар миқдорида 5 йиллик муддатга RegS/144A форматидаги биринчи халқаро еврооблигацияларини жойлаштирди, дея хабар берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

22−26 апрель кунлари халқаро облигацияларини муомалага чиқариш бўйича роуд-шоу бўлиб отди ва Молия вазирлиги ҳамда UzAuto Motors вакиллари томонидан хорижий инвесторларга тақдимотлар қилинди ва уларнинг тегишли саволларига жавоблар берилди.

Роуд-шоу тадбири доирасида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ва Осиё мамлакатларининг 50 дан ортиқ глобал институционал инвесторлари иштирокида телеконференция ўтказилди ҳамда 28 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди.

Инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консультантлар — андеррайтерларнинг тавсиясига кўра, UzAuto Motors АЖнинг бошланғич фоиз ставкаси 5,375% атрофида этиб белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:15 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинган.

Буюртмалар ҳажми Лондон вақти билан соат 13:00 да 1,1 млрд долларни ташкил этди. Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультант таҳлилларидан келиб чиқиб, фоиз ставка 5,00−5,125 фоизга туширилди. АҚШ бозорлари очилгач, буюртмалар ҳажми ошишда давом этиб, 1,4 млрд доллар максимал қийматига етиб борди ҳамда бу ўз ўрнида фоиз ставкаларни янада тушириш учун имконият яратди.

Лондон вақти билан 15:00 да якуний фоиз ставка ва купон қарийб 0,15% бирликка туширилиб, 4,85% этиб белгиланди.

Халқаро облигациялар Буюк Британия (37%), АҚШ (14%), Германия (8%) ва бошқа қатор Европа (35%) ва Осиё (6%) мамлакатларнинг қарийб 130 дан ортиқ инвесторлари орасида тақсимланди.

Шу билан бирга, мазкур инвесторларнинг аксариятини актив бошқарувчилари ва жамғармалар (67%) ташкил қилди, банклар (23%) ва суғурта ҳамда пенсия жамғармалари (10%) орасида ҳам фаол тақсимланди.

«Ўзбекистон корпоратив эмитентлари орасида чиқарилган илк халқаро облигацияларни UzAuto Motors АЖ томонидан муваффақиятли жойлаштирилиши инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилиши ижобий баҳоланганлигидан далолат беради», — дейилади хабарда.