Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков сешанба куни ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина хусусий сектор томонидан пуллик тарзда қилинаётгани ҳақида хабарларга муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, хусусий иммунопрофилактика муассасалар (вакцинация марказлари) томонидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига рухсат берилган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинмоқда ва ушбу вакциналар билан аҳолининг хавф ости гуруҳига кирувчи қатламлари эмланмоқда.

«Хусусий иммунапрофилактик муассасалар ҳам ўзлари коронавирусга қарши вакцинани олиб келиб, эмлаш жараёнларини амалга оширишлари мумкин. Аммо ҳозирча бирор бир хусусий вакцинация марказида бундай амалиётлар ўтказилмаяпти», — деди Нурмат Отабеков.

Нурмат Отабеков кейинчалик мамлакатга олиб келинаётган вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётган чоғда хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинишини таъкидлаб ўтди. Аммо ҳозирча фақат давлат муассасаларида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

«Хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинса, уни юртимизга етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот, шу жумладан, „Дори-дармон“ АК томонидан ҳам хусусий секторга йўналтирилиши мумкин», — деди у.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Эгамбердиевнинг маълум қилишича, 28 апрелдан бошлаб Тошкентдаги марказий поликлиникаларда 65 ёшдан ошган фуқароларни «Спутник V» вакцинаси билан эмлаш бошланади. Шунингдек, у 27 апрель куни пойтахтдаги мактабгача таълим ташкилотлари ўқитувчилари ва мактаб ўқитувчиларига эмлаш ишлари бошланганини айтди.