Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви сабабли 29 апрелдан 17 майгача Туркияда тўлиқ карантин эълон қилинишини маълум қилди. Бу ҳақда «Анадолу» агентлиги хабар бермоқда.

Туркиянинг барча мактабларида кундузги дарслар тўхтатилади ва барча имтиҳонлар қолдирилади.

Якшанба кунлари савдо марказлари ёпилади, бошқа кунлари эса улар фақат маълум соатларда хизмат кўрсатади.

Шунингдек, шаҳарлараро ҳаракатланиш фақат рухсатнома билан амалга оширилади ва шаҳарлараро транспортлар фақат 50 фоизга тўлган ҳолда ҳаракатланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Анқарадаги элчихонага таяниб хабар беришича, Туркия ҳукумати хорижий давлатларнинг фуқароларининг (6 ва ундан катта ёшдаги) мамлакатга кириш учун зарур қилиб қўйган қоидаларини 31 майга қадар узайтирди.

Унга кўра, Туркияга боришдан 72 соат олдин, ПЗР тестдан ўтиш ва бу ҳақда QR-кодли, инглиз тилидаги таржима қилинган ҳужжат керак бўлади. Шунингдек, Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида тест топширганлик ҳақида анкета тўлдириб, шу анкетани мобил телефонга юклаб олиш ёки чоп этиш талаб қилинади. Анкета тўлдирилгач, фуқаро учун шахсий HES-код шакллатирилади. Ушбу HES-кодсиз фуқаро самолет бортига қўйилмайди. Туркиянинг ўзида эса анкета турли ҳудудларда бўлиб туриш учун талаб қилинади.

HES-кодсиз Туркияга келган чет эл фуқаролари мамлакатга кириши тақиқланиб, ўз мамлакатлари ҳисобидан депортация қилиниши мумкин.

Ушбу талаблар транзит йўловчилари учун тааллуқли эмас.