26 апрель куни Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида Эрон футбол клуби «Трактор»га қарши тўп сурди.

Биринчи бўлимда тўпни назорат қилишда «Пахтакор» устун бўлди, аммо хавфли вазиятлар деярли юзага келмади. «Трактор» сафидан Темурийнинг зарбасини Санжар Қувватов қайтарган бўлса, «Пахтакор» сафидан Дердийок яқин масофадан ноаниқ зарба йўллади.

Иккинчи бўлим бошида рақиб жамоадан Дежага икки бор ва Наримонжаҳон «Пахтакор» дарвозаси томон зарба йўллади. Ўйин охирларида Черан ва Темировнинг аниқ уринишларидан сўнг «Трактор» дарвозабони Ахбори маҳорат кўрсатди. Шунингдек, асосий жамоада ўз дебютини нишонлаган Файзуллаевнинг боши билан берган зарбасига аниқлик етишмади. Шу тариқа «Пахтакор» гуруҳда 4-бор дурангга имзо чекди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Натижадан хафамиз. Футболчилар ғалаба учун охиригача курашишди. Вазиятлар яратишга уриндик. Имкон қадар гол уришга уриндик, аммо бу самара бермади. Рақиб дарвозабони ажойиб сейв намойиш этди. Энди сўнгги ўйинни ютишга ҳаракат қиламиз. Мавсум ҳали давом этади, хатолардан хулоса чиқарамиз», — дейди у.

Маълумот учун, гуруҳда 5-турдан кейин «Шаржа» 11 очко билан пешқадамликни сақлаб турган бўлса, «Пахтакор» 4 очко билан учинчи ўринда бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун Олмалиқнинг АГМК жамоаси ОЧЛдаги 5-тур баҳсини «Ал Ҳилол» клубига қарши ўтказади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади. АГМК жамоаси 4-турда «Шабаб Ал Аҳли»га қарши ўйинда 3:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди.